Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Қурол-яроғнинг ноқонуний айланишига қарши курашда илмий-криминалистик ёндашув

Бугунги кунда жиноятчиликка қарши кураш амалиётининг замонавий тенденциялари ахборот омилининг муҳимлигини ҳамда унинг моддий ва энергетик ресурслардан кам эмаслигини кўрсатмоқда.

Бу борада, ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика хизмати ходимлари юз бераётган жиноий ҳодисаларнинг тергов қилинишида бевосита иштирок этадилар. Шу боисдан, мазкур хизмат ходимларини замонавий техник воситалар билан таъминлаш, уларга муносиб хизмат шароитлари яратиш ҳамда ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши йўлида ҳукуматимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Республика ҳудудида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкини ҳимоя қилишга ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 июлдаги ЎРҚ-550-сон “Қурол тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, унинг 39-моддасида Давлат ўқ-гильзотекаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан юритилиши белгиланган.

?! Ўқ-гильзотека – бу жиноятларни рўйхатга олишдаги  криминалистик ҳисоб тури бўлиб, отилган ўқ ва гильзаларни идентификация қилувчи маълумотларни олиш, қайта ишлаш, тўплаш, таҳлил этиш ва мақсадли фойдаланишда ташкилий-функционал тизим вазифасини ўтайди. Ўқ-гильзотека маълумотлар базаси – ўқотар қуроллар ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этишда ашёвий далиллар бўйича исботлов базани мустаҳкамлайди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 10 январдаги 13-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ИИВ ЭКБМда «Давлат ўқ-гильзотекасини юритиш бўлинмаси» ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари ЭКБларида «Давлат ўқ-гильзотекасини юритиш гуруҳлари» ташкил этилди.

Шунингдек, Давлат ўқ-гильзотекасини қўшимча аппарат-дастурий комплекслар, техник жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек унинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун хизмат хоналари реконструкция қилинди.

 ?! АБИТ - автоматлаштирилган баллистик идентификация тизим ҳодиса жойини кўздан кечиришда олинган, сойли стволли ўқотар қурол излари бўлган ўқ, гильза ва патронлар ҳамда фуқаровий ва хизмат қуролидан назорат тартибида отилган ўқ
ва гильзаларни Давлат ўқ-гильзотекасига ҳисобга қўйиш ва текширишни амалга ошириш учун мўлжаллаган.

 

Шу билан бирга, ушбу тизим баллистик тадқиқотлар жараёнини автоматлаштиришда қуйидаги имкониятларни беради:

  • маълумотлар базасини яратиш;
  • ўқ ва гильзаларни киритиш, текшириш ва таққослаш тадқиқоти ўтказиш;
  • эксперт хулосасини олиш ҳамда катта ҳажмдаги маълумотлар базасини қайта ишлаш.

Ўз навбатида, Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятида замонавий қўшимча аппарат-дастурий комплексларни жорий этиш ўқотар қурол билан боғлиқ жиноятларни тергов ва одил судловни амалга оширишда терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлари ходимларининг ортиқча меҳнати ва иш вақтини тежалиши ҳамда сифат даражасини ошириш
ва инсон омилини камайиши, шунингдек, ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини ноқонуний қўлга киритишни олдини олишда самара беради.

Умуман олганда, Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини йўлга қўйилиши давлат ва жамият мулки ҳамда фуқароларнинг ҳаётига ўқотар қуролларни қўллаш билан боғлиқ бўлган жиноий тажовузлардан муносиб ҳимоя қилишда республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг фаолияти механизмини тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлиб хизмат қилади.



Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт криминалистика бош маркази 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech