Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Бир қўнғироқ баҳонасидаги талончилик

Самарқанд вилояти. Жорий йилнинг 1 ноябрь куни 2010 йилда туғилган вояга етмаган Қ.К. Самарқанд вилояти ИИБнинг «102» қисқа рақамига мурожаат қилиб, 1 ноябрь куни номаълум шахс унга нисбатан зўрлик ишлатиб, баҳоси 7 000 000 сўм бўлган «iPhone 14» русумли телефонини тортиб олиб кетганини маълум қилган.

Хабарга кўра, воқеа содир бўлган куни соат 06:50 атрофида Қ.К. Самарқанд шаҳрининг Найман маҳалласида кетаётган вақтида нотаниш шахс ундан танишига қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини сўраган. Қ.К. дастлаб рад жавобини берган бўлса-да, нотаниш шахснинг қайта-қайта сўрашидан сўнг телефонидан фойдаланишга рухсат берган. Қўнғироқдан сўнг Қ.К. телефонини қайтаришни сўраганида, нотаниш шахс ҳаёт учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатган ҳолда телефонни тортиб олган ва ҳодиса жойидан яширинган.

Келиб тушган хабар асосида тергов-тезкор гуруҳи зудлик билан ҳодиса жойига чиққан. Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, воқеа акс этган видеоёзувлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Олиб борилган тадбирлар натижасида мазкур жиноятни 2006 йилда туғилган фуқаро М.И. содир этгани аниқланган.

Ўтказилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида М.И. ўз айбига иқрор бўлиб, ўзига нотаниш бўлган шахсдан талончилик йўли билан «iPhone 14» русумли телефонини тортиб олиб , осон пул топиш мақсадида бошқа нотаниш шахсга 150 долларга сотгани ва пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини маълум қилган. Шунингдек, унинг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлиги аниқланган.

Тергов топшириқларининг ижроси давомида Қ.К.га тегишли телефон топилиб, жиноят иши бўйича ашёвий далил тариқасида эътироф этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. М.И. процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Тергов департаменти

Text to speech