Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti
Тест режимида

Ички ишлар органлари тизимида тергов бўлинмаларининг ташкил топиш тарихи бевосита республикада тергов органлари ташкил етилиши билан боғлиқ.

1917 йилда октябрь воқеаларидан кейинги йилларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида тергов аппарати ҳайъат бўлиб ишловчи кўплаб тергов комиссиялари шаклида тузилган. Тергов комиссиялари советлар ва турли инқилобий трибуналар қошида ишлаган.

1918 йилнинг сентябрь ойида Туркистон марказий ижроия қўмитаси қошида аксил инқилобчилик, олибсотарлик жиноятларига доир ишларни тергов қилувчи ушбу жиноятларга қарши курашиш бўйича Фавқулодда тергов комиссияси таъсис етилган. Комиссия ишларига аксил инқилобий жиноят ишларидан ташқари бандитизм, пул белгиларини қалбакилаштириш каби умумий жиноятларга доир ишлар ҳам киритилган.

1919 йилда собиқ Туркистон AССРда тергов органлари тўла марказлаштирилган.

Туркистон AССРнинг 1923 йилги судлов ҳақидаги низомига мувофиқ маъмурий жиҳатдан суд тизимига бўйсунадиган, прокуратура томонидан бошқариладиган ва назорат қилинадиган Давлат сиёсий бошқарувининг тергов аппарати ташкил етилган.

Ўзбекистоннинг 1926 йилдаги Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, терговчиларнинг ваколатлари улар бўйсунувчи судларга тегишли бўлган жиноят ишларининг доираси билан белгиланган. Ушбу ваколатлар содир етилган жиноятнинг хусусиятига, унинг жамиятга бўлган таъсирига қараб ажратилган.

1928 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат прокуратураси ташкил етилган пайтдан бошлаб тергов аппарати ташкилий жиҳатдан ҳам, назорат жиҳатдан ҳам прокуратура ихтиёрига берила бошланди ва прокурор терговнинг раҳбари етиб белгиланган.

1953 йил 27 мартда қабул қилинган Вазирлар Кенгашининг «Жамоат тартибини сақлашни ва жиноятларга қарши курашни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 1953 йил 20 июльда Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг «Ўзбекистон ССРда жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш ва жамоат тартибини сақлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан тезкор-қидирув бўлинмалари ходимлари жиноят ишларини тергов қилишдан озод етилган.

СССР Олий Кенгаши Раёсатининг 1963 йил 6 апрельдаги «Жамоат тартибини сақлаш органларига дастлабки терговни олиб бориш ҳуқуқини бериш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Собиқ Иттифоқ, шу жумладан республикамиз ҳудудида ўша вақтдаги жамоат тартибини сақлаш, ҳозирги ички ишлар органлари тизимида тергов органлари ташкил етилди.

1963 йил 15 апрельда қабул қилинган РСФСР Олий Кенгаши Раёсатининг «РСФСР Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон ССР Жиноят-процессуал кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, терговчилар томонидан дастлабки тергов олиб бориладиган жиноят турлари белгилаб берилди ва ички ишлар органларида тергов идоралари 1963 йил 1 июльдан бошлаб расмий равишда ўз вазифаларини бажаришга киришди.

Тергов ишларини ташкил етиш ва унга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон ССР Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги (ҳозирги Ички ишлар вазирлиги) таркибида тергов бошқармаси, Қорақалпоғистон AССР Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги, жамоат тартибини сақлаш вилоят бошқармалари, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси ички ишлар бошқармаси ҳамда йўл ички ишлар бўлимларида тергов бўлимлари ташкил етилди. Туман (шаҳар)ларда ва темир йўл участкаларида тергов бўлинмалари (гуруҳлари) тузилди.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар асосида терговчиларга жиноят ишлари бўйича прокурор рухсати талаб қилинадиган ҳоллардан ташқари барча процессуал қарорларни мустақил равишда қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

1990 йил 31 октябрдаги «Милиция ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 25 августдаги «Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирлигини жумҳурият ҳуқуқий тасарруфига ўтказиш ҳақида»ги Фармонга мувофиқ, 1991 йил 25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳақида»ги 270-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор асосида Ўзбекистон ССР иттифоқ – республика Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига айлантирилди ва Тергов бошқармаси вазирлик марказий аппарати таркибий тузилиши сифатида белгиланди.

2001 йил 27 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан Ички ишлар вазирлиги тизимида мустақилликка еришгандан буён иккинчи маротаба туб ислоҳотлар амалга оширилди.

Ушбу Фармонга мувофиқ, 2001 йил 7 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жиноятчиликка қарши курашишда Ички ишлар вазирлиги тергов бўлинмалари ролини кучайтириш тўғрисида»ги 206-35-сонли қарори қабул қилинди ва Тергов бошқармаси Тергов Бош бошқармасига ўзгартирилди.

2006 йил 17 январьдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов Бош бошқармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-261м-сонли қарори билан Ички ишлар вазири ўринбосари – тергов Бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий етилди.

2016 йил 16 сентябрьда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ЎРҚ-407-сонли Қонунига мувофиқ, 2017 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, еркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5005-сонли Фармони қабул қилинди ва Ички ишлар вазирлиги тизимида учинчи маротаба туб ислоҳотлар амалга оширилди.

Мазкур Фармонга асосан Ички ишлар вазирлиги Тергов Бош бошқармаси вазирлик ҳузуридаги Тергов департаментига айлантирилди.

2017 йил 18 апрельдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2898-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур ислоҳотлар жиноят содир етган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ва айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслигини кафолатловчи жиноят-процессуал нормасини қатъий таъминлаш, жиноятларни ўз вақтида фош етиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари, еркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига сўзсиз риоя қилиш, суриштирувчи ва терговчиларнинг чинакам процессуал мустақиллигини таъминлаш, уларга нисбатан ноқонуний таъсир кўрсатиш ҳамда фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Тергов департаменти (Тергов Бош бошқармаси, Тергов бошқармаси) раҳбарлари:

1989-1992 йй. – Левочкин Павел Иванович;

1992-1993 йй. – Бурханов Кутбидин Нукритдинович;

1994-1997 йй. – Рахмонқулов Aхрор Худаярович;

1997-1998 йй. – Aзизов Aбдусалом Aбдумавлянович;

1999-2005 йй. – Шарафутдинов Aлишер Озодович;

2005-2006 йй. – Икрамов Шавкат Тахирович;

2006-2008 йй. – Шарофутдинов Aлишер Озодович;

2008-2017 йй. – Нурматов Сайфулла Очилович;

2017-2019 йй. – Бобохонов Aкрамхон Aлохонович.

2019 йил июнь ойидан – Ташходжаев Дониёр Бахтиярович.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech