Танловда энг яхшилар сараланди
Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг маънавий-маърифий билими, хизмат тажрибаси ва билимини ошириб бориш, Ватан олдидаги бурчини адо этишда халққа садоқат билан хизмат қилиш хислатларини ошириш бугунги кун талаби. Жумладан, Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари ва шаҳар-туман ички ишлар бўлими ходимларнинг хизмат давомида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятларга қарши курашиш борасидаги фаолиятини рағбатлантириш, қўлга киритилган илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ўзаро тажриба алмашишини йўлга қўйиш мақсадида “Энг яхши терговчи” кўрик-танлови ўтказилди.
Спорт машғулотлари бўйича дастлабки синовда терговчи ва суриштирувчилар посбонлари тўсинда тортинишди. Сўнгра, 100 метрга югуриш баҳсида уларнинг тезкорлиги баҳоланди.
Якунда 1000 метрга югурган иштирокчилар орасидан ғолиблар сараланди.
Мусобақанинг кейинги босқичларида иштирокчилар қуролларни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш баҳсида касбий, жанговар тайёргарлиги, мерганлик ва қуролдан ўқ отиш маҳорати синалди.
Қатнашчиларнинг навбатдаги босқичда тест асосида амалий ва назарий билимлари баҳоланди.
Улар билан ўтказилган психологик тестда ходимларнинг руҳий ҳолати ва бошқа психологик хислатлари ўрганилди.
Якунда иштирокчиларнинг қўл жанги усулларини амалий намойиш этишди.
Муросасиз ва қизғин ўтган белашув якунига кўра «Энг яхши терговчи» кўрик танловида Косон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси терговчиси катта лейтенант Дилбек Биллиев биринчи ўринга лойиқ топилди. Кейинги совринли ўринларни Нишон тумани ички ишлар бўлими 2-сон ички ишлар бўлинмаси Суриштирув гуруҳи суриштирувчиси капитан Бекзод Сафаров ва Нишон тумани ички ишлар бўлими 1-сон ИИБ Суриштирув гуруҳи суриштирувчиси капитан Жамшиджон Ашуров қўлга киритди.
Энди ғолиблар кўрик-танловнинг касб байрами арафасида бўладиган республика босқичида иштирок этади.