Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Белорус Республикаси Тергов қўмитаси билан ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилмоқда
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида тергов сифатини ошириш ва унинг шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги устувор вазифа эканлиги таъкидланиб, илғор хорижий тажриба асосида тергов идораларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Ички ишлар вазирлигида мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда иш ташкил этилиб, хорижий мамлакатлар билан тажриба алмашишда муҳим қадамлар ташланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда 11 ноябрьдаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Беларус Республикаси Тергов қўмитасининг икки томонлама мулоқоти доирасида ўзаро англашилув меморандуми имзоланган бўлиб, айни вақтга қадар ҳамкорликда бир қатор самарали лойиҳалари амалга оширилди. Ушбу ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида бугун мамлакатимизга ташриф буюрган Беларус Республикаси Тергов қўмитаси делегацияси билан вазирлик марказий аппаратида учрашув бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазири ўринбосари Тергов департаменти бошлиғи, полковник Рамазон Ашропов ҳамда Беларус Республикаси Тергов қўмитаси раиси ўринбосари Анатолий Васильев бошчилигида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, терговчилар малакасини ошириш бўйича ўқув йиғинлари ва илмий-амалий конференцияларни ташкил этиш ҳамда бошқа муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, Беларус Республикасида тергов амалиёти бўйича ташкил этилган ўзига хос жараёнлар, тизимни рақамлаштиришда эришилган ютуқлар ва замонавий таҳдидларга қарши ечимлар, хусусан киберфирибгарликларни аниқлаш ҳамда тергов қилишдаги муаммолар борасида фикр алмашилди.
Учрашувда, келгусидаги истиқболли илмий лойиҳалар, ҳамкорликни янада юксалтириш борасидаги муҳим жиҳатлар бўйича келишиб олинди.
Беларус Республикасининг мамлакатимизга амалий ташрифи давом этмоқда.