2 миллиард пулларни ўғирлаган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди
Тошкент шаҳри Яшнобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғрилик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Яшнобод туманида жойлашган МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи 28 ёшли Бахтиёржон Қ., далолатчи сифатида 28 ёшли Бахтиёр З., 29 ёшли Шуҳрат И., 25 ёшли Шерзод М., 26 ёшли Сардор Т., 23 ёшли Фаррух М., ларни ўғрилик жиноятини содир этишга қизиқтириб, биргаликда олдиндан жиноий режа тузиб, 2020 йил 15 август кунидан 16 август кунига ўтар кечаси қўлларига қўлқоп кийган ҳолда Яшнобод туманида жойлашган МЧЖга оқ рангли давлат рақамлари ечиб олинган “Lacetti” русумли автомашинада келиб, МЧЖнинг ғазнахонасига ғайриқонуний равишда кириб, темир панжараларни темир кесиш ускунасида кесиб, жами 2.341.996.803 сўм ва 25.000 АҚШ доллар пул маблағларини ўғирлаб, ушбу пулларни ўзлари келган “Lasetti” русумли автомашинанинг юкхонасига жойлаганликлари, сўнг Бўстонлиқ туманида жойлашган “дача”лардан бирини ижарага олиб, 18 август куни тунги соат 01:00да дам олиш мақсадида ушбу “дача”га Тошкент шаҳридан чиқиб кетаётганларида уларнинг йўлини ИИБ ходимлари тўсиб қўлга олинганликлари маълум бўлган.
Жиноят иши доирасида ушбу ўғрилик жиноятини содир қилган шахслар муқаддам бир неча маротаба судланганликлари аниқланиб, етказилган моддий зарардан 1.797.618.000 сўм, 23.763 АҚШ доллари пул маблағлари жабрланувчига қайтарилиб, уларга нисбатан бўлган жиноят иши тегишли тартибда айблов хулосаси билан тегишли судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг ҳукмига кўра, Бахтиёр Закиров, Шуҳрат Иргашев, Шерзод Мирхожиев, Фаррух Махамаджановларга 10 йил, Бахтиёржон Қулмаҳмадовга 8 йил, Сардор Тошбоевга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда жиноят содир қилинган «Lasetti» русумли автотранспорт воситаси қонуний эгасига қайтарилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти