Наманганда бир нечта шифокорнинг тоифа сертификати қалбаки бўлиб чиқди
Наманган вилояти. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан Чуст туман тиббиёт бирлашмасида масофадан туриб мониторинг текшируви давомида, болалар психиатрияси, анестезиология ва реаниматологияси, умумий амалиёт шифокори, неврология, умумий хирургия мутахассисликлари учун бир нечта шифокорларнинг малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатларни қалбаки эканлигига шубҳа туғилганлиги сабабли текшириб кўриш учун олинган ҳамда малака тоифаси сертификатларининг қалбакилаштирилган ҳолатига аниқлик киритиш учун Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
Терговга қадар текширув даврида ўтказилган Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЭКБнинг тадқиқотлар хулосасига кўра, малака тоифаси сертификатларидаги мухрлар изи компьютер қурилмасининг рангли оқимли (струйный) принтери ёрдамида тайёрланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.Н., С.Н., М.Ж., И.Ю. ва О.З., ларга нисбатан ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти