Ғаразли мақсадларда "Юклагич машинаси"ни олиб қочган шахс тез фурсатда ИИБ ходимлари томонидан ушланди
Бухоро вилояти. Жорий йилнинг 05 апрель куни соат 14:44 да вилоят ИИБнинг “102” рақамига таржимон бўлиб ишловчи 50 ёшли Н.А. мурожаат қилиб, 4 апрель куни Шейхон кўчасидан ўтувчи “Хоразм-Бухоро” йўлининг бўйида қаровсиз қолдирилган, Жанубий Корея Республикаси фуқароси “SUN CHANG TRADE” МЧЖ раҳбари 62 ёшли К.М.га тегишли “ХГМА” русумли олд ғилдиракли Юклагич машинасини номаълум шахс ҳайдаб олиб кетганлигини маълум қилиб, ушбу номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва юк кўтарувчи автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Бухоро шаҳрида яшовчи 49 ёшли Б.И. содир қилганлиги аниқланиб, ушланган.
Қонунбузардан у томонидан олиб қочилган Юклагич машинаси қаерда эканлиги ва нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганлиги ҳақида сўралганда, у ушбу автомашинани Когон шаҳар Хоразм кўчасида жойлашган поччасининг ҳовлисига ҳайдаб бориб қўйганлигини, кейинчалик эса уни сотиб юбормоқчи бўлганлигини билдирган. Мазкур машина ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти