Далмун қишлоғидан олиб қочилган автомобиль ўз эгасига қайтарилди
Бухоро вилояти. 2021 йилнинг 19 май куни соат 01:00 ларда “102” қисқа рақамига фуқаро Р.Ҳасан қўнғироқ қилиб, шу куни соат 00:30 ларда Жондор тумани Далмун қишлоғида жойлашган яшаш хонадони дарвозахонаси олдида турган “Spark” русумли автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганлигини маълум қилган.
Ушбу автомашинани қидириб топиш мақсадида, вилоят миқёсида «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилиниб, барча ЙПХ масканларига, ЙҲХБ ходимларига бу ҳақда хабар берилган. Натижада Р.Хасанга тегишли автомашина Жондор тумани Оқработ қишлоғида яшовчи 25 ёшли Б.Рўзи томонидан олиб қочилганлиги аниқланиб, автомашина Беклар қишлоғи ҳудудидан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Рўзи процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этганлик учун Жиноят кодексида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти