Бор будини талаб қилиб жабрланувчига пичоқ тирашди
Тошкент шаҳар. Жорий йилнинг 2 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани Осиё кўчасидаги уйларнинг бирида вақтинчалик яшовчи 23 ёшли А.О. туман ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 2022 йил 1 апрель куни соат 16:00 ларда номаълум шахслар уни Мирзо Улуғбек тумани Сайрам кўчасида жойлашган хонадонга олиб киришиб, унга нисбатан совуқ қирол ишлатиб, нархи 1.200.000 сўмлик “Samsung galaxy A30” русумли телефон аппаратини, нархи 300.000 сўмлик бир жуфт қулоқчин ва 15.000 сўм нақд пулларини зўрлик ишлатиб олиб қўйишганлигини маълум қилиб, ушбу номаълум шахсларга қонуний чора кўришни ва улар томонидан олиб кетилган нарсаларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноят Сирдарё вилоятида доимий рўйхатда туриб, вақтинчалик Мирзо Улуғбек тумани Сайрам кўчасида жойлашган хонадонда яшовчи 19 ёшли Э.К., 20 ёшли Э.О., 18 ёшли М.С. ва К.Э.лар томонидан содир этилганлиги аниқланиб, улардан жабрланувчига тегишли бўлган “Samsung galaxy A30” русумли телефон аппарати ҳамда 1 дона ошхона пичоғи ва 1 дона чўнтак пичоғи (бабочка) ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-моддаси 2-қисми “а,б” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда юқоридаги шахслар нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганликлари аниқланмоқда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти