Сотиш мақсади кейин пайдо бўлди
Тошкент шаҳар. 2023 йил 21 июль куни соат 22:00да Чилонзор тумани ИИО ФМБ Навбатчилик қисмининг “102” қисқа рақамига 25 ёшли Ю.З. мурожаат этиб, унда Чилонзор тумани Бешёғоч маҳалласида жойлашган “Magic City” сайилгоҳи олдидаги автотураргоҳдан номаълум шахс, унинг “Lacetti” русумли автоуловни олиб қочиб кетганлигини маълум қилиб, автомашинасини топишда ҳамда ушбу номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу автомашинани қидириб топиш мақсадида, шаҳар миқёсида тезкор тадбир эълон қилиниб, унинг натижасида жабрланувчига тегишли автомашина икки нафар номаълум шахслар томонидан Учтепа тумани Фозил тепа ва Фарҳод кўчалари кесишмасида ҳаракатлантираётган вақтида тўхтатилиб, улардан ушбу транспорт воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Ҳайдовчи ва йўловчининг шахсига аниқлик киритганда, улар Бухоро вилоятида яшовчи вақтинча ишсиз 18 ёшли Б.Ш. ҳамда Фарғона вилоятида яшовчи вояга етмаган 8-синф ўқувчиси 15 ёшли Р.А. эканлиги аниқланган.
Гумонланувчилардан, нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганликлари сўралганида, улар мазкур автомашина очиқ холда қолдириб кетилганлигини кўришиб, олдин уни шунчаки сайир қилиш учун олиб қочганликларини, сўнгра эса мазкур автомашина тахминан қанча туришини уйлаб қолишиб, уларда уни сотиш режаси пайдо бўлганлигини ва ўни сотиш мақсади пайдо бўлганлигини баён этишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Б.Ш. ва Р.А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида бир гуруҳ шахслар томонидан олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилган.
Тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этганлик учун Жиноят кодексида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилиши белгиланган.
Муаллиф: Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ
катта терговчиси подполковник Д.Абдурахманова
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти