Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ёш қизларни фоҳишалик қилиш учун Туркияга сотиб юбораётган аёл кирдикорлари фош бўлди

Тошкент шаҳар. Жорий йилнинг 23 март куни Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимларига “Севара” исмли аёл, ёш қизларни ишончига кириб, алдов йўли билан Туркия давлати Истамбул шаҳрига фоҳишалик билан шуғулланиш учун юбораётганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган.

Келиб тушган маълумот юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув ишлар натижасида “Севара” исмли аёл Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи 27 ёшли А.С. эканлиги аниқланиб, у моддий манфаат эвазига Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи 26 ёшли И.Ш.ни Туркия давлатида мўмай даромад топишга қизиқтириб, йўл ҳақи ва бошқа харажатларни ишлаб бериш шарти билан жорий йилнинг 23 март куни соат 05:30 ларда уни “Тошкент-Истамбул” йўналишида авиарейс орқали Туркия давлатининг Истамбул шаҳрига фоҳишалик билан шуғулланиши учун юбораётган вақтида, ашёвий далиллар яъни авиа билет, иккиси ўзаро суҳбатлашиб юрган телефон аппаратлари ёзишмалари билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 135-моддаси 1-қисми (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган.

Тергов жараёнида А.С. ўзининг кўрсатмаларида, Туркия фуқароси бўлган “Фэрди” исмли шахс билан биргаликда ушбу жиноятни содир этганлиги, И.Ш.ни Туркия давлатига юбориш учун унга 500 АҚШ доллари юборганлигини, шундан 350 АҚШ долларига авиа чипта харид қилиб, қолган 150 АҚШ долларини эса хизмат ҳақи эвазига рағбатлантириш тариқасида олиб қолиб, ушбу пулни ҳозирги кунда ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини маълум қилган.

Ушбу жиноят иши юзасидан А.С.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 135-моддаси 2-қисми “е” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган одам савдоси) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан “Қамоққа олиш” тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech