Ёрдам бермоқчи бўлиб талончиларга дуч келди
Тошкент шаҳри. 2021 йил 31 май кунидан 01 июнь кунига ўтар кечаси соат 00:30 ларда 23 ёшли Т.Ж (эркак), 19 ёшли Т.Д. (эркак) ва 26 ёшли М.Д.лар (эркак) бир гуруҳ шахслар бўлиб, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш мақсадида, Чилонзор тумани Қатортол кўчасида пиёдалар йўлагида кетаётган 19 ёшли М.Э.ни (эркак) тўхтатиб, ундан йўл ҳақи учун пул бериб туришини сўрашиб, М.Э. уларга пул бермоқчи бўлиб, чўнтагидан пулларни чиқарганида қўлидаги 315.000 сўм миқдоридаги пулларини тортиб олиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни содир этган 23 ёшли Т.Ж (эркак), 19 ёшли Т.Д. (эркак) ва 26 ёшли М.Д.лар (эркак) ушланганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодекси нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти