ИИВ Академик лицейига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Андижон вилояти. 2021 йил апрель-май ойи давомида Асака туманида яшовчи 43 ёшли М.И. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Асака тумани Қўрғонча кўчасида жойлашган 78 ёшли М.И.,нинг яшаш хонадонига келиб, уни ишончига кириб, уни алдаб, унга набира қизини Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон вилояти Академик лицейига 800 АҚШ доллари эвазига ўқишга олиб кириб қўйишини ваъда қилиб, ундан 300 АҚШ доллари ва 3.000.000 сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармасдан пулларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, М.И. ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, 2021 йил 21 июль куни Асака туманида жойлашган буюм бозори олдида 42 ёшли Ю.О.,ни ишончига кириб, уни алдаб, унинг қизини ҳам Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон вилояти Академик лицейига 800 АҚШ доллари эвазига ўқишга олиб кириб қўйишини ваъда қилиб, ундан 800 АҚШ доллари пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармасдан пулларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан М.И.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, барча иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти