Корея давлатида ишлашни орзу қилган фуқароларнинг ниятларини пучга чиқарган фирибгар
Наманган вилояти. 2018 йил август ойидан 2021 йил бошларига қадар бўлган вақт оралиғида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи хавфли рецидивист 29 ёшли Х.А. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, таниши 37 ёшли Н.М.нинг ишончига кириб, уни Корея давлатига ишлаш учун юбориш ҳақида ёлғон ваъдаларни бериб, сўнгра эса иши юришмаётганлиги боис иши юришиб кетгунига қадар пул бериб туришни илтимос қилиб, жами бўлиб 18 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармасдан пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Х.А. ўзининг жиноий ҳаракатини давом этириб, 2019 йил ёз фаслида танишлари 32 ёшли Т.Ш. ва 25 ёшли Т.Р.ларнинг ишончига кириб, уларни ҳам Корея давлатига ишга юбориши ҳақида ёлғон ваъдаларни бериб, алдов йўли билан Т.Ш.дан 3 000 АҚШ доллари Т.Р.дан эса 2 200 АҚШ доллари пулларини қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармасдан ва пулларни қайтариб бермасдан келаётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Х.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти