“Малика” савдо мажмуасидан ўғирлик, бу сафар гумонланувчилар Қўқон шаҳридан бўлиб чиқди
Тошкент шаҳри. 2021 йилнинг 18 январь куни тунги соат 01:30 ларда номаълум шахслар ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Малика” савдо мажмуасининг А-блок 29-дўконига кириш эшик ойнасини ўткир тиғли жисм ёрдамида очиб ғайриқонуний равишда кириб фуқаро 26 ёшли Адҳамжон Ю.,га тегишли бўлган умумий қиймати 74.172.000 сўмга тенг бўлган 2 дона ноутбук компьютери ва турли русумдаги 8 дона уяли телефон аппаратларини ўғирлаб ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур ўғрилик жиноятини Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаролар 18 ёшли Жасурбек Х., Оятуллоҳ А., ва вояга етмаган 16 ёшли Алишер Н.,лар содир этганликлари аниқланган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти