Нафақахўрни тунаган шахслар ушланди
Навоий. 2020 йилнинг 3 сентябрь куни соат 11:40 да икки нафар номаълум шахслар ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида, ўзаро жиноий тил бириктириб, юзларига матоли ниқоб таққан ҳолда, Учқудуқ тумани “Геологлар” кўчасида яшовчи 87 ёшли П.Т., (аёл) уйда ёлғиз яшашлигини била туриб, хонадонга кириш эшиги қулфланмаганлигидан фойдаланиб, ғайриқонуний равишда кирган ҳолда, П.Т., нинг оғзини ўзлари билан олиб келган мато бўлаги билан беркитиб, юз қисмига қўллари билан уриб жароҳат етказиб, хонадон ётоқхонасида бўлган шкаф ичидан 1 млн. 500 минг сўм пулларни қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан Учқудуқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни 23 ёшли Н.Х. ва 19 ёшли Э.Н., содир этганликлари аниқланган. Жиноят иши бўйича Н.Х. ва Э.Н., лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибида ушланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатларини олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти