Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

16 нафар олтин руда сотувчиларига нисбатан ҳукм ўқилди.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани суди ҳукм эълон қилди.

Тергов жараёнида аниқланишича, 2019 йилнинг июнь ойларида “Навоий кон – металлургия комбинати” Давлат корхонаси тасарруфидаги “Қорақўтон” конида ишловчи 38 ёшли З.Х. таркибида олтин бўлган маъданли тошларни ўғирлаш мақсадида, коннинг бошқа ишчилари 28 ёшли Ф.А., 30 ёшли Б.С., 35 ёшли А.Р., 30 ёшли И.Ж., 28 ёшли Б.Б., 32 ёшли Ш.Б., 30 ёшли Л.А., 23 ёшли Ж.Ж., 26 ёшли Ж.А., 34 ёшли Т.Х., 29 ёшли Б.С., 27 ёшли М.С., 41 ёшли С.О., 32 ёшли Ф.А. ва 31 ёшли Х.К.лар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жиноий рол ва вазифаларини тақсимлаб, 5 кунлик иш ҳафтаси яъни 2019 йилнинг 13-17 июнь кунлари давомида қонунга хилоф равишда таркибида олтин бўлган маъданли тошларни қазиб олиб йиғишиб, уларни қопларга жойлаб, сменанинг охирги куни ер ости кон техникалари ёрдамида шахтанинг кириш жойига олиб чиқиб, жами баҳоси 438.039.729 сўмлик таркибида 1176,96 гр. олтин ва 1210,52 гр. кумуш бўлган умумий оғирлиги 9930 кг. маъданли тошларни “МАЗ” русумли навбатчи юк автомашинасида яширин равишда кон ҳудудидан олиб чиқиб кетишга эришишган.  

Шундан сўнг, 2019 йил 18 июнь куни тахминан соат 02:30 ларда Б.С. ва С.М.лар умумий оғирлиги 5540 кг. бўлган маъданли тошларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлишганида Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарча ИИБ ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳар бир иштирокчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан жуда кўп миқдорда содир этилган ўғирлик) билан айблов эълон қилинган. Жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 2019 йил 18 декабрь кунидаги ҳукмига кўра, ҳар бир шахсга жиноят содир этишдаги иштирокчилик даражасини ҳисобга олиб, тегишли моддалар билан айбдор деб топилиб, З.Х.га 9 йил 6 ой, Ф.А.га 8 йил ва бошқаларга ҳам турлича муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech