Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Хавфсизлик чоралари кўрилмаганлигининг оғир оқибати

Тошкент шаҳри. 2021 йил 01 февраль куни соат 06:30 ларда Бектемир туманида жойлашган “Techno Continental” МЧЖнинг металлагрегат цеҳида ишловчи 23 ёшли Мухриддин Я., металл кесиш учун мўлжалланган дастгоҳда хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлаётган вақтида чап қўли бармоқларини кесиб олган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида “Techno Continental” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан техник қоидалар бузилганлиги, ушбу дастгоҳда ишлаш учун етарли хавфсизлик чоралари кўрилмаганлиги аниқланган.

Суд тиббий экспертизасида фуқаро Мухриддин Я., “оғир” тан жароҳатлари олганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан “Techno Continental” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 1-қисми (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли экспертизалар тайинланган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech