Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

50.000 АҚШ долларини эгалламоқчи бўлган шахснинг режаси чиппакка чиқди.

Қашқадарё. 2020 йилнинг 17 январь куни тахминан соат 04:00 ларда номаълум шахс юзига ниқоб кийган ҳолда Яккабоғ тумани Чинобод маҳалласида яшовчи фуқаро 57 ёшли Н.Р.нинг уйига бостириб кириб, ухлаб ётган Н.Р.ни пичоқ билан қўрқитиб, ундан 50.000 АҚШ доллари талаб қилган. Н.Р. пул йўқлигини айтиб бақир-чақир қилганида, номаълум шахс 50.000 АҚШ доллари тайёрлаб қўйишини ва эртаси куни олиб кетишини айтиб, бу ҳақда ҳуқуқ тартибот идораларига хабар қилса Н.Р.ни ўлдириш билан қўрқитиб, ҳеч нарса олмай уйнинг айвонида турган “LG” русумли телевизорни экранини синдириб ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни муқаддам судланган 37 ёшли Ф.Қ. содир этганлиги аниқланиб, процессуал тарибда ушланган.

Ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро Ф.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикасси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, Ф.Қ. юқоридаги жиноятидан ташқари яна бир ўғирлик жиноятини содир этгани яъни, 2020 йил 06 январь куни Аллақарға қишлоғидаги А.Б.га тегишли дўкон омборига қулфни бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, 572.000 сўмлик буюмларни ўғирлагани аниқланган. Ҳар иккала жиноят ҳам бир шахс томонидан содир этилгани аниқланганлиги сабабли бир иш юритувга бирлаштирилиб, Ф.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди ва 169-моддаси 2-қисми  “г” банди билан айблов эълон қилинган ҳамда “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

 

 

Text to speech