Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

«Тунги босқинчилар» қамоққа олинди

Самарқанд вилояти. 2023 йил 14 январь куни соат 00:05дан 00:23га қадар бўлган вақт оралиғида икки нафар номаълум шахслар ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида юзларига қора рангли матодан ниқоб тақиб, Булунғур туманида жойлашган хорижий корхонанинг маъмурий биносига деразани бузиш орқали киришиб, бино ичида бўлган теша ҳамда ёғоч бўлаги билан қуролланган ҳолда Хитой Халқ Республикаси фуқаролари Я.Х. ва Д.Й.ларни ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, бинодаги сумкадан 2600 АҚШ доллари, жами баҳоси 4000 АҚШ долларига тенг бўлган 1 дона тилла узук, 1 дона тилла занжир ва 1 дона аёллар қўл занжирини, ётоқхона тумбасида бўлган баҳоси 2.670.000 сўмлик “ OPPO А-74” русумли телефон аппаратини, 1200 АҚШ доллари ҳамда ичида 10.000.000 сўм пуллари бўлган бир дона темир сейфни ва “УАЗ пикап” русумли автомашина калитини олиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-модданинг 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Булунғур туманида яшовчи 26 ёшли Ш.Ш., 24 ёшли Р.С. ва Сайхунобод туманида яшовчи Ш.Ш. лар содир этганлиги аниқланиб, улардан жами 500 АҚШ доллари, 1.000.000 сўм пуллар, “OPPO А-74” русумли телефон аппарати, “УАЗ пикап” русумли автомашина калитини, бир жуфт қора рангли қўлқоп, бир дона қора рангли шапкалар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олиниб, улар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “б,в” бандлари билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Муаллиф: Тергов департаменти ЎМИБ терговчиси

подполковник С.Ширбачеев

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech