Ғузорлик “каннабис” ўсимлигини етиштирувчи шахс ушланди
Қашқадарё вилояти. 2020 йил 04 май куни соат 12:30 да Ғузор тумани ҳудудида ўтказилаётган “Қорадори-2020” махсус профилактик тадбири давомида Ғузор тумани “Мартепа” қишлоғида яшовчи фуқаро 43 ёшли З.Т.,нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, томорқанинг умумий 39 квадрат метр ер майдонига жами 22 туп «каннабис» гиёҳвандлик ўсимлигини экиб парвариш қилиб келаётганлиги аниқланган. Шунингдек, ушбу куни З.Т., келгусида ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлигини маълум қилиб, ўзи ихтиёрий равишда тақдим қилган бир дона оқ рангли полиэтилен пакетга солинган соф оғирлиги 1,3 гр. “марихуана” гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Ҳолат юзасидан Ғузор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан З.Т.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (Тақиқланган экинларни етиштириш) ва 276-моддаси 1-қисми билан (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти