Фирибгар аёлга нисбатан тергов ҳаракатлари якунланди
Тошкент. Шайхонтоҳур тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фирибгарлик ҳолати юзасидан 33 ёшли З.А., га нисбатан бўлган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланди.
Аниқланишича, З.А. муқаддам судланган бўлиб унга нисбатан фирибгарлик ҳолати юзасидан бошқа жиноят иши мавжуд бўлганлигига қарамасдан, 2020 йилнинг 10 февралдан 17 февралга қадар Шайхонтоҳур тумани Тинчлик кўчасида яшовчи М.Х., нинг (аёл) яшаш уйига 3 маротаба бориб, унга тегишли жами 37.968.304 сўмлик Туркия давлатидан келтирилган кийим-кечакларни пулини 2020 йилнинг май ойига қадар бериш шарти билан алдаб олиб кетиб, шу кунгача олинган кийим-кечакларни сотиб, пулларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан З.А., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида З.А., га тегишли моддалар билан айб эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, етказилган моддий зарардан 2.320.000 сўм қопланган.
Жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судловга ошириш масаласини кўриб чиқиш учун туман прокуратурасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз! Мазкур жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5-8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти