Сурхондарёда гиёҳванд восита савдосига чек қўйилди.
2020 йил 24 январь куни тахминан соат 16:00 ларда Сурхондарё вилоят ДХХ ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 60 ёшли А.У. Шўрчи тумани “Хайрабод” маҳалласида тадбирга жалб қилинган “Х” исмли шахсга жами 8 дона оқ-қизил рангли қоғоз парчасига қадоқланган ўткир ҳидли соф оғирлиги 4.75 гр. бўлган «Гашиш» гиёҳвандлик воситасини жами 1.000.000 сўм эвазига сотмоқчи бўлган вақтида, тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, ушбу куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан фуқаро А.У.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик бинолари тегишли тартибда кўздан кечирилганида, А.У.га тегишли эски эркаклар курткаси чўнтагидан 1 дона ва ҳовлисидаги эски кир ювиш ускунаси ичидан жами 21 дона бўлакларга бўлинган ҳолатда қора рангли полиэтилен пакетга солинган умумий оғирлиги 27.91 гр. бўлган «Гашиш» гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги аниқланган ва ҳолислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шўрчи туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан А.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва А.У. процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти