Қўрқитиб пул маблағларини талаб қилиб келган фуқаро қўлга олинди
Тошкент шаҳри. 2021 йилнинг 17 май куни фуқаро А.Ботир Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унда “Шохроб” исмли таниши унга қўнғироқ қилиб, 50 АҚШ доллари беришни талаб қилаётганлиги, «ушбу пулни бермасанг уриб оёқ-қўлингни синдираман » деб қўрқитиб, ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилиб келаётганлигини, ушбу шахсга қонуний чора кўришликни сўраган.
Ўз навбатида фуқаро А.Ботирнинг аризаси юзасидан 2021 йилнинг 18 май куни соат 00:20 да Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан Юнусобод тумани 11-мавзеда жойлашган “ТЕТ-А-ТЕТ” кафеси ёнида ўтказилган тадбир давомида, “Шохроб” исмли шахс фуқаро А.Ботирдан талаб қилинган 50 АҚШ доллар пулни олган вақтида ушланган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида “Шохроб” исмли шахснинг шахсига аниқлик киритилиб, у 26 ёшли фуқаро эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасидаги тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти