Кун қаҳрамони: лейтенант Бобуржон Болтабоев
Бобуржон Болтабоев 1995 йили Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида туғилган. 2019 йилда ИИВ Академиясини тамомлаган. Хизмат фаолиятини Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими суриштирувчиси лавозимида бошлаган. Ҳозирда Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи вазифасида хизмат қилмоқда.
Бобуржон касбига садоқатли, интилувчан, билимли ва шижоатли ёш ходимлардан бири. У тизимда ўтказиладиган кўпгина танловларда ҳам фаол иштирок этиб, катта-кичик ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, ўтган йили республика ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимлари ўртасида ўтказилган танловнинг “Намунали тергов жамоаси” номинациясида Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жамоаси аъзоси сифатида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Бобуржон Болтабоев хизмат фаолияти давомида босқинчилик, ўғрилик, талончилик ва бошқа бир қатор жиноий ишларнинг фош қилинишида тўлақонли ва холис терговни амалга ошириб, суд органларига чиқарган.
Жорий йилнинг 12 апрель куни соат 23:30ларда фуқаро Х.Х. маст ҳолда ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш ниятида Нурафшон шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшовчи З.А.нинг хонадонига дераза орқали киради. Уйнинг меҳмонхонасидаги шкафларини очиб, тинтиётган вақтида хонадон эгаси уни пайқаб қолади. Х.Х. уй эгаси ва унинг турмуш ўртоғини уриб-тепиб, уларга жиддий тан жароҳати етказади ва ҳодиса жойидан қочиб кетади.
Лейтенант Бобуржон Болтабоев мазкур жиноят ишини тергов йўли билан фош этади. Айбдор шахсни топиб, ишни судга оширади.
Қаҳрамонимизнинг хизмат фаолиятида бу каби ҳолатлар кўплаб кузатилади. У ҳар гал ўз устида тинимсиз ишлашдан, бой тажрибага эга бўлган устозларидан йўл-йўриқ сўрашдан эринмайди.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
“Postda” мухбири.
Тошкент вилояти.