Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Бухоро вилоятида ички ишлар ҳамда прокуратура органлари тизимида фаолият юритаётган тергов ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-амалий семинар ташкил этилди

Бухоро вилоятида тергов фаолиятини янада такомиллаштириш ва уни янги босқичга кўтариш, ички ишлар ҳамда прокуратура органлари тизимида фаолият юритаётган тергов ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Олий суд ва вилоят судьялари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси профессор-ўқитувчилари, вилоят ИИБ ҳамда унинг қуйи тузилмалари терговчи ва суриштирувчилари, вилоят прокуратураси масъул раҳбарлари, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ҳамда терговчилари иштирокида ташкил этилган мазкур семинарда тергов жараёнларини такомиллаштириш, иш юритишда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш, далилларни тўплаш ва баҳолаш сифатини ошириш, бўйича билим кўникмалари етказилди.

Шунингдек, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, рақамли изларни аниқлаш, уларни тўғри процессуал расмийлаштириш, электрон маълумотларни сақлаб қолиш ва қонуний тартибда мустаҳкамлаш, тергов ҳаракатларини ўтказишда рақамли криминалистика имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан амалий тушунтиришлар берилди.

Шу билан бирга, кибержиноятларни фош этишда тезкор маълумот алмашинувини таъминлаш, электрон қурилмалар ва онлайн платформалар билан ишлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар муҳокама қилинди.

Машғулот мунозара, амалий мисоллар ва савол-жавоб тарзида ташкил этилди.

Бундай ўқув-амалий семинарлар ҳудудларда мунтазам ташкил этилиб, тергов сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тизимли равишда давом эттирилади.

Тергов департаменти

 

Text to speech