Бухородан келган «Cobalt» Сирдарёда олиб қочилди
Сирдарё вилояти. Жорий йилнинг 2 ноябрь куни соат 12:40 атрофида Сирдарё тумани ИИБга келиб тушган хабарда Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Х.С. бошқарувида бўлган «Cobalt» русумли автомашина олиб қочилгани маълум қилинган. Хабарга кўра, Х.С. автомашинани Сирдарё тумани Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тўйхона олдида тўхтатиб, уни очиқ қолдирган ҳолда дўконга кирган вақтда номаълум шахс транспорт воситасини олиб қочган.
Ҳодиса жойига зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, олиб борилган тадбирлар натижасида «Cobalt» русумли автомашина Сирдарё тумани Исломобод МФЙ ҳудудидаги овқатланиш шохобчаларидан бири ёнида қаровсиз қолдирилгани аниқланган.
Тергов ҳаракатлари давомида автомашинани олиб қочган шахс 2006 йилда туғилган Ҳ.О. экани аниқланиб, у Бухоро вилоятида автомашинага йўловчи сифатида ўтириб, ҳайдовчи билан уни Сирдарё вилоятигача олиб бориб қўйишга келишган, йўлда эса ҳайдовчи дўконга кириб чиқиш учун автомашинадан тушган вақтида Ҳ.О. транспорт воситасини олиб қочганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Ҳ.О.нинг аввал содир этилган бир нечта ўғирлик жиноятига алоқадорлиги аниқланган.
Автомашинани олиб қочиш ҳолати юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ҳ.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Ҳ.О.га мазкур модда бўйича айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади.
Ҳурматли фуқаролар, огоҳлик — давр талаби. Ўз мулкингизга бефарқ бўлманг.
Тергов департаменти