Давлат раҳбарининг топшириғига биноан ҳудудларда аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида ўрганиш олиб бормоқда
Тадбирда вилоят ижтимоий инфратузилма объектлари, аҳолини газ, электр энергияси, кўмир ва ичимлик суви билан таъминлаш аҳволи, истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлиги ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилганлиги, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари ва маҳалла фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш амалиётига оид масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Жараёнда Сурхондарё вилоятининг 13 та шаҳар-туманларида 21 та арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилди ҳамда 1 416 нафар томорқа ер эгалари «Даладан дастурхонгача» тамойили асосида 47 та озиқ-овқат савдо дўконлари, 5 та умумий овқатланиш шохобчалари ва 15 та деҳқон бозорларига бириктирилди.
Ишчи гуруҳ ташаббуси билан Термиз, Олтинсой, Ангор, Бойсун, Денов, Қизириқ, Сариосиё, Узун ва Шўрчи туманларида ўтказилган сайёр қабуллар давомида фуқароларга 32 та турдаги давлат хизматлари онлайн кўрсатилди, Шунингдек, 113 та маҳаллада 583 нафар фуқаролар иштирокида қонунчилик ҳужжатларининг мазмун моҳияти тушунтирилди, 5 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди.
Ишсизликка барҳам бериш йўналишида Жарқўрғон, Денов, Сариосиё, Бандихон, Бойсун, Олтинсой, Қизириқ, Узун, Шеробод туманлари ва Термиз шаҳрида ташкил этилган меҳнат ярмаркаларида 35 нафар фуқаро доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 67 нафари касбга ўқитишга юборилди. Шу жумладан 57 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш, 5 нафари янги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ҳисобига ташкил этилган жойларда иш билан таъминланди.
Тадбир жараёнида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳаллада шакллантирилган бешликнинг ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Ушбу йўналишда Термиз, Олтинсой, Ангор, Бойсун, Денов, Қизириқ, Сариосиё, Узун ва Шўрчи туманларидаги «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилиниб, жамоат хавфсизлиги концепциясининг мазмун – моҳияти тушунтириб берилди. 169 та низоли оилалар аниқланиб, уларнинг 58 тасида маиший муаммолари бартараф этилди, 15 нафар аёлларга «ҳимоя ордер»лари расмийлаштирилди. Тарғибот жараёнида 6 та ижтимоий соҳа объектлари ва 10 та фуқаро хонадонлари қўриқловга олинди.
Идоралараро ишчи гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати