Фахр ва ғурур тимсоли
Ҳар сафар сентябрь ойи келаркан, яна бир ёшга улғайганиму она Ватанимизнинг тобора куч-қудратга тўлиб бораётганини кўриб ич-ичимдан қувонаман.
1991 йил 14 сентябрда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида зиёли оилада туғилдим. Сўфи Оллоёр номли 17-сонли ихтисослашган мактабда ҳамда Қоракўлдаги 1-сонли ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернатида ўз касбининг фидойилари бўлган устозларимдан сабоқ олдим. 2009 йилда ИИВ Академиясига ҳужжатларимни топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтдим. Ўқишни якунлаб, Каттақўрғон шаҳар ИИБ тергов бўлимида иш ўрганувчи терговчи лавозимида хизмат фаолиятимни бошладим. Ҳозирда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси лавозимида хизмат қилмоқдаман.
Инсон камолотида, унинг бирор касб-ҳунарни пухта эгаллашида устозларнинг беқиёс ҳиссаси бор. Шу ўринда касб сирларини ўргатган устозларим – Самарқанд шаҳар бўйича ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган подполковник Набижон Игамбердиев, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси кадрлар гуруҳи катта инспектори, майор Ғолибжон Аблакулов сингари фидойи инсонларнинг номини ҳурмат ила тилга олишни истардим.
Китобга ошно тутиниш билим савиямизни ошириш ва дунёқарашимизни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Энг асосийси, инсон доимо илмга эҳтиёж сезади, йиллар давомида ҳаётий тажрибаларини бойитиб боради. Билим, ақл ва ҳаётий тажриба тўғри қарорлар қабул қилишда асосий роль ўйнайди. Бу эса фаолиятимизда жуда муҳим. Мамлакатимизда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифа зиммамизга юкланган экан, ўқиш ва изланишдан тўхташга асло ҳаққимиз йўқ.
Яқинда она Ўзбекистонимизнинг Мустақиллик кунини нишонлаймиз. Бу улуғ байрам мен каби минглаб истиқлол тенгдошларига умид, ишонч ҳамда қатъият бағишлаши билан янада аҳамиятлидир. Бу байрам ўзининг жозибаси, қалбларимизга озодлик, эрк сингари муқаддас туйғуларни жо этгани, фарзандларимизга Ватанимизнинг дунё мамлакатлари билан теппа-тенг эканлиги ва ҳеч кимдан кам эмаслигини айта олиш ҳуқуқини бергани бергани учун ҳам қадрлидир.
Умиджон АСРАЕВ,
капитан.