Фуқаролар мурожаатлари — доимий эътиборда
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва холисона кўриб чиқиш, шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш Ички ишлар органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бошлиғи, подполковник Ш.Ш. Шарипов томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакиллари иштирокида навбатдаги фуқаролар қабули ташкил этилди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда дастлабки тергов жараёнларида юзага келаётган муаммолар, қабул қилинган протсессуал қарорлардан норозилик ва бошқа соҳага оид масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат бошқарма раҳбарияти томонидан диққат билан тингланиб, унда кўтарилган масалаларнинг мазмун-моҳияти, мавжуд ҳолатлар ва қонуний асослар атрофлича муҳокама қилинди. Мурожаатларни ҳар томонлама, холис ва қонуний ўрганиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда асосли ечим топиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул жараёнида келиб тушган мурожаатларнинг ҳар бири Тергов бошқармаси раҳбари томонидан шахсий назоратга олиниб, уларни қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқиш, натижаси бўйича мурожаат муаллифларига асослантирилган жавоблар бериш юзасидан масъул ходимларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, мурожаатларда баён этилган ҳолатларни чуқур ўрганиш, ҳар бир масалага индивидуал ёндашиш, қонунийлик ва адолат тамойилларига қатъий риоя этиш ҳамда фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш юзасидан зарур вазифалар белгилаб олинди.
Шу каби қабуллар келгусида ҳам изчил давом этилади.
Тергов департаменти