Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дониёр Қодиров иштирокида йиғилиш ўтказилди
Жорий йилнинг 5 февраль куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дониёр Қодиров иштирокида ички ишлар органлари фаолиятига оид тезкор йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари, соҳавий хизматларнинг масъуллари, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг мутасадди ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда, Давлатимиз раҳбари раислигида 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган мажлисида белгиланган вазифалар ва қўйилган топшириқларнинг ижросига қаратилган масалалар кўриб чиқилди.
Тадбир жараёнида ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан Ашрапов Рамазон Ахматхўжаевич Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганлиги эълон қилинди.
Мажлисда тергов ва эксперт-криминалистика соҳасига оид фаолиятни танқидий кўриб чиқиш, терговчи ва экспертларнинг малакасини ошириш, янги тузилган Криминология тадқиқот институти билан ҳамкорликда тизимни инновацион ва илмий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳуқуқий ва илмий ишланмаларни амалга кенг жорий этиш, соҳада ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, тадбирда республикамиз ҳудудида ўтган йилнинг ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда соҳага оид бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама этилди.
Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа масъулларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Ахборот хизмати