Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов томонидан навбатдаги шахсий қабул ўтказилди
Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Жумладан, Вазир ўринбосари Р.Ашропов томонидан навбатдаги шахсий қабул ўтказилиб, аҳолининг мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.
Қабул давомида жами 148 нафар фуқароларнинг 129 дан ортиқ мурожаатлари ўрганилди. Мурожаатларнинг 98 таси тергов ва суриштирув фаолияти, 20 таси терговга қадар текширув, 5 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ва 6 таси ички ишлар органларига оид бошқа масалаларни ташкил этади.
Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар аҳолиси учун шахсий қабул онлайн шаклда ҳам ташкил этилиб, олис ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг мавжуд муаммолари видеоконференц алоқа орқали тингланди.
Шахсий қабул давомида Вазир ўринбосари ҳамда масъул раҳбар ва ходимлар томонидан фуқаролар билан уларни қийнаётган муаммолар юзасидан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди. Хусусан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда бошқа йўналишлардаги мурожаатлар қабул қилиниб, уларни қонуний ва тезкор ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 31 таси ёки 24 фоизи шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди, 15 таси ёки 11,6 фоизи бўйича фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилди. Қолган 83 та мурожаат ёки 64,3 фоизи қўшимча ўрганиш талаб этганлиги сабабли ижрога йўналтирилиб, ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқот ва шахсий қабуллар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Тергов департаменти