Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган бахтсиз ҳодиса жойида бўлиб, тергов-тезкор гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштирди
Аввал хабар берилганидек, бугун соат 14:46 ларда Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида чақнаш содир бўлиб, унинг оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса натижасида бир нечта хонадонларга зарар етган.
Бахтсиз ҳодиса оқибатида мазкур уйда истиқомат қилган, 2007 йилда туғилган фуқаро бетон қоплама (плита) босиб қолиши сабабли оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Бошқа шахсларнинг жароҳат олгани тўғрисида маълумот келиб тушмаган.
Хабар асосида ҳодиса жойига ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг масъул ходимлари етиб келиб, ёнғинни бартараф этиш, чақнашнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва ҳодиса жойини кўздан кечириш ишларига киришилди.
Вазир ўринбосари Р.Ашропов томонидан воқеа жойида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, масъул ходимларга зарур топшириқлар берилди. Жумладан, ҳодиса жойини Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ ҳужжатлаштириш, иш учун аҳамиятга эга бўлган нарса ва буюмларни олиш, гувоҳлардан батафсил кўрсатмалар олиш ҳамда бошқа зарур тергов ҳаракатларини амалга ошириш вазифалари юклатилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ 2-минтақавий ҳудуд Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши Тергов департаменти томонидан назоратга олинди.
Тергов департаменти