Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашроповнинг Фарғона вилоятига амалга оширилган хизмат ташрифи доирасида тергов фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди
Фарғона вилоятида тергов фаолиятини янада такомиллаштириш ва уни янги босқичга кўтариш, ички ишлар ҳамда прокуратура органлари тизимида фаолият юритаётган тергов ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суд ҳамкорлигида, Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида ҳамда жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича илғор тажрибани шакллантириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти ИИБда мазкур семинар машғулоти ўтказилди.
Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Олий суд судьяси Таганов Сардор Дилшодович, вилоят ИИБ ҳамда унинг қуйи тузилмалари терговчи ва суриштирувчилари, вилоят прокуратураси масъул раҳбарлари, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ҳамда терговчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинар давомида “Жиноятлар ва ҳодисалар тўғрисидаги ариза ҳамда хабарларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ва якуний қарор қабул қилиш тартиби, шунингдек, ушбу жараёнларда қонун устуворлигини таъминлаш масалалари” мавзусида кенг қамровли маърузалар тақдим этилди.
Мазкур ўқув-амалий анжуман тергов сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этиб, унда тажрибали мутахассислар томонидан суд жараёнларида жиноят ишларини кўриб чиқишда тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, тергов жараёнида рақамли криминалистика асосида электрон далилларни аниқлаш ва мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлар — кибержиноятларни фош этишнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан маърузалар қилинди.
Шунингдек, бу каби ўқув-амалий семинарлар келгусида ҳам тизимли равишда ташкил этилиб, тергов фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда ходимларнинг касбий маҳоратини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тергов департаменти.