Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан ўтказилган сайёр қабулда аҳоли мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилиб, муаммоларни тизимли ҳал қилишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди
Ички ишлар вазирлиги томонидан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш ва мурожаатлари билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилиб, Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, 27-28 октябрь кунлари Вазир ўринбосари Р.Ашропов томонидан навбатдаги шахсий қабул ўтказилиб, аҳолининг мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.
Қабул давомида, жами 314 нафар фуқароларнинг 258 та мурожаатлари ўрганилди.
Мурожаатларнинг 159 таси тергов ва суриштирув фаолияти, 39 таси терговга қадар текширув, 8 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари, 8 таси маҳкумни бошқа муассасига ўтказиш ва 44 таси ички ишлар органларига оид бошқа масалаларни ташкил этади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар аҳолиси учун шахсий қабул онлайн шаклда ҳам ташкил этилиб, онлайн шаклда кечган қабул давомида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди.
Шахсий қабул давомида Вазир ўринбосари ҳамда масъул раҳбар ва ходимлар томонидан фуқаролар билан уларни қийнаётган муаммолар юзасидан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди.
Хусусан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда бошқа йўналишлардаги мурожаатлар қабул қилиниб, уларни қонуний ва тезкор ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 54 таси ёки 20 фоизи шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди, 28 таси ёки 11 фоизи бўйича фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилди. Қолган 176 та мурожаат ёки 69 фоизи қўшимча ўрганиш талаб этганлиги сабабли ижрога йўналтирилиб, ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқот ва шахсий қабуллар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Тергов департаменти