ИИВда маҳкумларни электрон назоратини таъминловчи технологиялар жорий этилади
Ўзбекистон Президенти 2021 йил 26 март куни «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6196-сонли Фармони имзоланган. Мазкур фармонга кўра юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида бир қатор янги механизмлар жорий этилмоқда.
Хусусан ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил этилмоқда, шу билан бирга Жазони ижро этиш департаменти бевосита ички ишлар вазирига бўйсуниши ва унинг зиммасига ички ишлар органларининг жиноий жазоларни ижро этиш тизимини ривожлантириш ва унда қатъий интизомни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклатилган.
Фармонга илова сифатида келтирилган «Йўл харитаси»да 2021 йилнинг 10 майига қадар маҳкумларни «электрон назорати»ни таъминловчи ахборот технологияларини жорий этган ҳолда, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини босқичма-босқич рақамлаш белгиланган.
Эндиликда ходимлар персонал видеорегистратор (бодикамера) билан хизматни ўташ тартиби татбиқ этилади. Бундан ташқари маҳкумларнинг жазони ўташ тартибини бузиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида кузатиш ва мустақил назорат қилиш имкониятига эга интеллектуал камералар («Smart») тизимини муассасаларга ўрнатилади. Жазони ижро этиш муассасаларига тақиқланган буюмларни олиб кириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида уларнинг назорат ўтиш жойларида бодисканерларни ўрнатиш белгиланган.
Шу билан бирга, Фармонга илова сифатида келтирилган «Йўл харитаси» жазони ўташ жараёнида маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахси ҳақидаги «ахборот портрети»ни тузиш ва озодликка чиқишидан 2 ой олдин яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органларига хабар бериш имкониятини берувчи ягона электрон тизимни яратиш.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти