Ижтимоий тармоқларда "ОИЛАНГ БИЛАН ЙЎҚ ҚИЛАМАН ДЕЙИШДИ! ПРЕЗИДЕНТ ЁРДАМ БЕРИНГ” номи остида тарқалган видеомурожаат юзасидан
Видеомурожаатда Раззоқов Шоҳбоз Уктам ўғли акаси Б.О. вафот этганлиги ҳолати бўйича Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида, унга ва укаси Раззоқов Зиёдулла Уктамовичларга нисбатан руҳий тазйиқ ўтказилганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан аниқланишича: 2020 йилнинг 18 август куни соат 08:53 да Ургут туман “Хўжабаланд” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.О. (Раззоқов Шоҳбознинг акаси), Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига “қорин бўшлиғи ёпиқ шикасти, посттравматик шок 1-даража” тан жароҳатлари билан мурожаат қилган, бироқ жарроҳлик амалиёти ўтказилишига қарамай, Б.О., 19.08.2020 йилда шифохонада вафот этган.
Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, Б.О.,да қорин бўшлиқ аъзолари ёпиқ жароҳати, ўн икки бармоқ ичаги қорин парда орти травматик йиртилиши ва қорин парда орти соҳаси гематомаси каби жароҳатлар аниқланган.
Туман тиббиёт бирлашмасининг хабарига асосан Ургут тумани ИИО ФМБ ҲПБ ТП профилактика инспектори ушбу ҳолат бўйича Б.О.,нинг турмуш ўртоғи С.И.(аёл) ва укаси Р.Ш., ҳамда отаси Ў.О.,лардан тушунтириш хати олганда, улар Б.О., ни 18.08.2020 йилда кечаси маст ҳолда уйга келиб, зинапояга йиқилиб тан жароҳати олганлигини, Б.О.,га нисбатан ҳеч ким тан жароҳати етказмаганлигини, ҳеч кимга даъволари йўқлигини билдирганлар. (мазкур ҳолат далолатнома тарзида расмийлаштирилиб, Б.О.,нинг турмуш ўртоғи ва ота-онаси ҳамда укаларидан тилхат ҳамда тушунтириш хатлари олинган).
Терговга қадар текширув жараёнида тўпланган ҳужжатларга кўра, ҳодиса куни марҳум Б.О., уйга спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолатда келганлиги сабабли укалари ва отаси билан ўзаро жанжаллашиб уришганлигини, сўнг уни арқон билан боғлаб қўйишганлиги, аммо Б.О.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ички аъзоларидаги оғриқдан шикоят қилган бўлса-да, тонгда ТТЁ чақириб шифохонага олиб боришганлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Шунингдек, юқоридаги фуқаролардан тушунтириш олиш жараёни тўлиқ видеога олинган бўлиб, видеотасвирда тергов органи ходими томонидан руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилганлиги аниқланмаган бўлса-да, Раззоқов Зиёдулланинг видеомурожаатдаги важларини тўлақонлик текшириш мақсадида ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланган. Тергов якунига кўра қўшимча маълумот берилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти