Ягона тергов ахборот тизими қандай самара бераяпти?
ИИВ Академиясида айни мавзудаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тергов фаолияти кафедраси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда тажрибали амалиёт ходимлари, кундузги таълим курсантлари, илмий тадқиқотчилар иштирок этди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалиётга Ягона тергов ахборот тизими жорий қилинган эди. Бундан кўзланган мақсад тергов фаолиятини рақамлаштириш ва ишни судга қадар юритиш жараёнида ягона электрон ҳужжат алмашинуви тизимини йўлга қўйишдир.
Давра суҳбатида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти вакиллари сўз олиб, Ягона тергов ахборот тизимининг имкониятлари, ундан фойдаланишда ахборот хафсизлиги, шу жумладан, маълумотларнинг тезкорлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш, суриштирув ва тергов органлари билан электрон ҳамкорликни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг вазифалари ҳақида батафсил тушунча бериб ўтишди.
Тадбир сўнггида “тергов фаолияти” ихтисослик йўналишини тамомлаётган курсантлар келгусидаги хизмат фаолиятларига оид саволларга жавоб олишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати