ҲАМКАСБЛАРИ ВА ШОГИРДЛАРИ ЭЪЗОЗИДА
Куни кеча кўплаб ҳуқуқшуносларнинг севимли устози, терговчилик фаолиятида ўзига хос мактаб яратган ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси, подполковник Шуҳрат Бекмуротов ҳамда шахсга қарши қаратилган жиноятларни тергов қилиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси, подполковник Икром Ҳасановлар ҳамкасблари ва шогирдлари эъзозида нафақага кузатилди.
Узоқ йиллар мобайнида мазкур соҳада самарали хизмат қилган бу инсонлар ўзининг бой тажрибаси ва малакаси билан тизимдаги ёш ходимларга намуна бўлиб келаётгани айни ҳақиқатдир. Чунки, улар қайси лавозимда фаолият юритмасин аввало, халқ манфаатини ва осойишталиги йўлида керак бўлса, жонини ҳам фидо қилишга тайёр эди.
Ўзига адолат ва ҳалолликни шиор қилган осойишталик посбонларнинг ҳаёт йўли билан яқиндан танишар экансиз, фақатгина ундан ибрат оласиз. Айниқса, улардаги фидойилик ва меҳнаткашлик хислатлари барчани лол қолдирар эди.
Шу боисдан, эл суйган бу инсонлар қаерда ва қайси лавозимда хизмат қилмасин, одамларнинг ичига кириб, уларнинг дарду ташвишларини бартараф этишда беминнат ёрдам кўрсатарди. Шу сабабли ҳам Шуҳрат Бекмуротов ва Икром Ҳасановларни билган ва таниганларнинг ҳаммаси қаттиқ ҳурмат қилишади.
Шундай экан, одиллик ва ҳақиқат йўлидаги шарафли ва масъулиятли фаолияти учун бу каби фидойи ва ватанпарвар инсонларга чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Зеро, улар ҳеч қачон ғам чекмасдан, доимо, сиҳат-саломатликда бўлишни тилаб қоламиз!!
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти