ҚАҲРАМОН
Ўзимизнинг манфаатимиз учун қандай ҳаракат қилсак, миллатимиз манфаати учун ҳам шу тариқа ҳаракат қилишимиз лозим.
Фитрат
Хизмат хонамда экспертиза хулосаларини ёзиб, тушлик қилиш учун идорадан чиқаётганимда навбатчи менга соат учда мажлис бўлишини билдирди. Тошкентдан, ИИВдан вакиллар келишган экан. Тушликдан сўнг мажлислар залига кираётганимда “Ойбек дўстим”, деган таниш овоз эшитилди. Орқамга қарасам курсдошим Бахтиёр мен томонга қучоғини очганча келаётган кўриб, қаршисига бордим. Биз саломлашиб, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўрадик.
– Дўстим, ҳозир мажлисдан сўнг кўришамиз, – деди Бахтиёр.
Залга кирган вақтимда нигоҳим билан дўстим Сардорбекни изладим ва унинг ёнига бориб ўтирдим. Дарвоқе, Сардорбек Баҳромович ҳам менинг курсдошим, туман тергов бўлими бошлиғи. Раҳбаримиз бизга Бахтиёрни таништираётганда дўстимнинг “подполковник” унвонини олганлигини кўриб ҳавас қилдим. Муддатидан олдин олибди-да, бирор жасорат кўрсатган бўлса керак, деб ўйладим ва Сардорбекка секин пичирладим:
– “Подполковник” олибдими?
– Ҳа, катта бир жиноят ишини тергов қилган, бироқ камтарин йигит, – деди Сардорбек.
– Биламан, таҳсил олган давримизда ҳам бунга гувоҳ бўлганман.
Бахтиёр минбарда туриб, ижтимоий тармоқларда бўлаётган муҳокамалар ва айрим ходимларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари оқибатида халқимиз бутун тизимга баҳо бераётганлиги ва касбимиз тақазо этадиган масъулият тўғрисида гапирди.
Учрашувдан сўнг учала курсдош ўтириб суҳбатлашдик.
– Биласизми, мен погондаги юлдузлар бошқалардан ажралиб туриш учун берилади, деб ўйлардим, – деди Сардорбек гап орасида.
– Ҳозир-чи? – деб сўрадим мен. Бахтиёр ҳам Сардорбекка савол назари билан қаради.
– Ҳозир эса ерда юришинг учун берилар экан, деб ўйлайман, – деди Сардорбек.
– Тушунмадим? – дедим.
– Яъни, дастлаб икки юлдузча ҳар бир елкада, сўнг уч, тўрт... Погонга сиғмаганидан сўнг каттароқ бир, икки ва учта юлдузча... Ҳар бир елкадаги юлдузчалар йиллар ўтгани сайин оёғинг ердан узилмаслиги учун, икки елкангни босиб туриш учун берилгандек гўё!
– Ажойиб ўхшатиш, – деди Бахтиёр. Шундан сўнг Бахтиёр Сардорбек иккимизга юзланиб:
– Айрим ходимларнинг хизмат вақтида қилган нотўғри ҳаракати туфайли бутун бошли Ички ишлар тизимига баҳо берилаётгани бизнинг оғриқли нуқтамиз. Ахир қанча-қанча ходимларимиз хизмат вақтида жасорат кўрсатиб вафот этди, кеча-кундуз уйқуларидан кечиб фуқароларнинг осойишталигини сақлаш учун тинмай меҳнат қилишди, тўғри, “гуруч курмаксиз бўлмайди” – деди куюнчаклик билан Бахтиёр.
– Мен уларни гуруч орасидаги «курмак»ка эмас, аччиқ данак мағзига ўхшатган бўлардим. Чунки, курмак гуруч ичида ажралиб туради ва уни олиб ташлаш мумкин, бироқ мағзини еб кўрмасдан билмайсан. Бу худди данак мағизларини маза қилиб еб турган вақтингда, аччиқ мағзи бутун оғзингни заҳарлаганидек, – дедим мен.
– Ажойиб ўхшатиш, – деди бу сафар Сардорбек ва Бахтиёр.
Шундан сўнг дўстимиз Бахтиёр Тошкентга қайтиб кетди. Сардорбек тезкор тергов гуруҳи таркибида текширувчи бўлганлиги учун қолишини билдирди. Мен қўшни туманда яшайман ва уйга машинамда қайтиб кетаётган вақтимда, ўзим истиқомат қиладиган туманга етиб келдим. Йўлнинг хавфли бурилиш жойи бор, бу ер хавфли бўлганлиги учун тезликни секинлатдим ва йўл ўртасида олдимда одамлар тўпланиб турганлигини кўриб, машина тезлигини пасайтирдим. Одамлар тўпланиб турган жойга қарасам иккита машина тўқнашган ҳолатда турган экан. Машинамни чеккага олиб тўхтатдим ва ҳодиса жойига бордим. Атрофини одамлар ўраб олган, ҳамма телефонига тасвирга тушириш билан овора. Бу жой доим хавфли бўлиб, тез-тез йўл транспорт ҳодисаси бўлиб турарди. Одамлар машина атрофида турган вақтида тез келаётган машина уларни уриб юбормаслиги учун, тўпланганлардан бу жойдан кетишини сўрадим. Аксига олиб одамлар ҳам имиллаганча кетишни хоҳламас, ҳар ким ўзича йўл транспорт ҳодисасини муҳокама қиларди ва бошқалари эса тасвирга олишда давом этарди. Мен бурчимни бажариш учун шу туманнинг навбатчилик қисмига қўнғироқ қилдим ва тезкор тергов гуруҳи етиб келгунича одамларни ҳодиса жойидан узоқлаштириб, хавфсизликни таъминлашга ҳаракат қилдим.
– Одамларга ҳам ҳайронман, биров оғир ҳолатга тушганда нима бор бундай томошабин бўлиб, ҳар тугул, ўзимнинг маҳалламга яқин бўлган ҳудуд бўлганлиги учун кимдир мени таниганлиги сабабли кимдир эса хизмат кийимида юрганлиги учун талабларимни бажаришди. Айримлар эса мен билан тортишиб, вақтимни олди. Шу вақтда менга таниш, менинг идорамда бирга ишлайдиган ходимнинг машинасини кўрдим-у, қўлимни кўтардим. Машинада ҳайдовчиси Латифбек бўлиб, у ҳам мендан қўшни туманда ишлайди. Ўзи мендан бир маҳалла нарида яшайди. Унинг доим ишдан қочишга ҳаракат қиладиган йигит эканлигини билсам-да, қандайдир умид билан унга ҳолатни тушунтириб ёрдам беришини сўрадим. У менга кулиб:
– Нима қиласан, бошингни оғритиб, бу бизнинг туманмас-ку, шу ернинг ходимлари келишади, менинг вақтим йўқ, – деди ва сенга бошқа гапим йўқ дегандай, машина эшигини ёпиб кетиб қолди.
Одамлар олдида ўзимни ноқулай сездим ва унинг ортидан қараб:
– Аччиқ мағиз… – деб қўйдим ичимда.
Шу ерда хиралик қилиб тўқнашган машиналар ёнидан кетмаётган, бир ёш қизалоқ машинадан нарсамни олай деб ёнимга кела бошлади. Орқамдан катта тезликда келган машинани кескин тормоз берганини эшитдиму, қизалоқни қўлим билан нари томонга итариб юбордим дегунча шундай катта куч менга зарба бериб, ёнимдаги тўқнашувга учраган машинани олд чап томонига урди. Мен ихтиёрийми ёки мажбурийми шу ерга ўтириб қолдим. Атрофимни одамлар ўраб олди.
– Яхшимисиз, нафас олинг, – дейишарди улар.
– Қизалоқ яхшими, ҳеч нарса қилмадими? – дедим.
– Ҳа, қизалоқ яхши, унинг ҳаётини қутқариб қолдингиз, – деди кимдир.
– Қочинглар, айтдим-ку бу ер хавфли, – деб уларни бу жойдан узоқроққа кетишга ундадим ва ўрнимдан туриш учун ҳаракат қилмоқчи бўлдим.
Мени шу ердаги одамлар кўтаришди ва бир Матиз ҳайдовчиси келиб, машинанинг орқа ўриндиғига ётқизиб, олд йўловчи ўриндиғини пастлатиб, оёқларимни ўша ерга кўтариб қўйишди. Оёқларимда оғриқ сезмасамда, уларни қимирлатишга қийналаётган эдим.
– Машинани тўхтатинглар, ахир гуруҳ келгунича уларга қараб туришим керак, яна бировларни уриб кетишмасин, – дедим.
– Ойбек ака, тинчланинг, касалхонага борамиз, – деб ёнимдаги йигит елкаларимдан босиб ўтирди.
Матиз машинаси ҳаракатланиб бораётиб салон чироғини ёқди. Шу вақтда шимимнинг тиззасидан пасти йиртилиб, ўнг оёғимни тиззадан пастки суягини чиқиб турганлигини кўриб даҳшатга тушдим. Бирдан оғриқни ҳис қилдим. Бунинг устига, чап оёғимнинг панжа қисми суяги ҳам синган экан...
* * *
Мана икки ойдан бери тўшакда михланиб ётибман, дўстим Сардорбек ҳар куни мени кўришга келиб туради. Бугун ҳам келиб менга:
– Дўстим, сен ҳақиқий қаҳрамонсан, – деди меҳрибонлик билан қараб.
– Йўқ, мен ўз вазифамни бажардим, ҳақиқий қаҳрамонлар беморлар жонини сақлаш учун курашаётган шифокорлар, чегара ва ҳудуд ичкарисидаги ҳарбийлар, ҳалол меҳнат қилаётган инсонлар, – дедим.
– Ҳа, ўз вазифасини виждонан бажараётган инсонлар ҳам қаҳрамон, – деди Сардорбек ва гапида давом этиб:
– Дўстим, сенга хушхабарим бор!
– Хўш? – дедим унинг нима демоқчилигини билиш учун кўзларига қараб.
– Сенга “Жасорат” медали берилганлигини тўғрисида эшитдим. Менимча, оёққа турганингда ўз қўлинг билан олсанг керак.
– Наҳотки, вазифамни бажарганлигим учун шундай катта мукофотни раво кўришган бўлса, – деб хаёлимдан ўтказдим.
– Яна битта гап, кеча Латифбекни бир-иккита “нотоза” ишлари учун бўшатишибди.
– Аччиқ мағиз... – дедим пичирлаб...