ОНА ҚАЛБИ
Оналарнинг оёғи остидадир,
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг
Бўл онанинг оёғин туфроғи.
Алишер Навоий
Ички ишлар бўлими биноси олдидаги ўриндиқда кекса бир аёл қўлида бир варақ қоғозни ушлаганча ўтирарди. Бўлим ходимлари ва бу ерга иш билан келган одамлар бинога бирин-кетин кириб-чиқишар, аммо кампир эрталаб келган бўлишига қарамай ичкарига киришга иккиланиб турарди. Тушликка чиқаётган терговчи Хушнудбек Султонов бу кекса аёлни кўрди-ю, шунча вақтдан бери ўтирганига ҳайрон бўлди. Чунки эрталаб ишга келганида ҳам аёл шу ерда эди. Тушликдан қайтганида ҳам онахон бино олдидаги ўриндиқда қўлида қоғоз билан паришон ўтирганини кўргач, секин ёнига борди:
– Кечирасиз, бувижон, эрталаб келганимда ҳам шу ҳолда ўтиргандингиз, тушликка чиққан вақтимда ҳам. Тушликдан қайтсам, ҳалиям шу ерда экансиз. Сизга бирор ёрдам керакми?
– А, нима? – онахон чуқур хаёлга толган шекилли, савол берувчининг сўзларини англамади. Терговчи гапини такрорлади.
– Сиз ким бўлиб ишлайсиз, ўғлим?
– Терговчиман, бувижон. Исми шарифим Хушнудбек Султонов.
– Терговчи бўлсангиз, ишим сиз билан битар экан. Хонангизда гаплашсак бўладими, болам?
– Майли, бувижон юринг!
Улар биргаликда иккинчи қаватда жойлашган хоналардан бирига киришди. Онахон курсига омонатгина ўтириб, қўлидаги қоғозни терговчига узатди. Қоғозга туширилган сўзлар терговчини ҳайрон қолдирди. Онахон шу бир варақ қоғозда ўғли гиёҳванд бўлиб қолганлигини, уйда ҳам гиёҳвандлик воситаларини сақлаб қўйганлигини баён қилган, уни қамоққа олишларини сўраб ариза ёзган эди. Терговчи онахонга назар ташлади. Унинг рўмол четидан кўриниб турган қордай оппоқ сочлари, пешонаси ва юзини беаёв қоплаган ажинлар бошидан кечирган ғаму андуҳлари ҳақида сўзсиз ҳикоя қиларди, гўё. Терговчи кимгадир қўнғироқ қилди ва ўзини Ҳалима деб таништирган онахондан кутиш залида беш дақиқа ўтириб туришини сўради...
Шундан сўнг онахон тезкор тергов гуруҳи билан ўз уйига борди. У ердаги гиёҳванд моддалар ходимлар ва холислар иштирокида олиниб, баённома тузилди. Онахоннинг гиёҳвандликка берилган ўғли Шукруллони ИИБ биносига олиб келишди. Ўз онасининг аризаси асосида қамоққа олинганлигини билган Шукрулло унинг ёнидан қўлларига кишан урилган ҳолда ўтиб борар экан, йўлакни бошига кўтариб бақирди:
– Нима қилиб қўйдингиз, ойи? Сиз ҳам онамисиз? Ўз ўғлини қаматган ҳам она бўладими?
Онасининг жимлиги ўғилни баттар ғазаблантирди:
– Мени туққунча ит туғсанг бўлмасмиди?
Шукрулло ҳибсда сақлаш хонасига киргунига қадар бақирди, фақат ичкарида овози тинди. Онаси рўмолининг учини тишлаганча, унсиз йиғларди. Суд томонидан Шукруллога саккиз йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
* * *
Абдулла ва Ҳалиманинг оиласи ўзига тўқ эди. Абдулла ташкилот раҳбари, Ҳалима эса хориждан маҳсулот олиб келиб сотарди. Лекин бахт кўпинча кемтик бўлади. Улар тирноққа зор эдилар. Неча йиллаб Худодан фарзанд сўрашди. Ниҳоят, Ҳалима қирқ ёш остонасида турганида юкли бўлди. Абдулла хотинини қўйгани жой тополмас, Яратганга шукрона айтиб, фарзанди эсон-омон туғилишини илтижо қиларди. Илтижолари ерда қолмади, вақти-соати етганида Ҳалима паҳлавондек ўғил туғди. Ўғлининг дунёга келишини шукроналар билан кутган Абдулла унга “Шукрулло” деб исм қўйди. Мамнун ота-она ўғлидан ҳеч нарсани аяшмади. Шукрулло қиммат ўйинчоқлар ўйнар, хориждан келтирилган қиммат кийимларни киярди. Ойиси ҳам, дадаси ҳам оғзидан чиққанини муҳайё қилишар, тенгқурларининг тушига кирмайдиган нарсалар Шукрулло учун оддий буюм эди. Аммо тўқлик шўхликка тақалди. Шукрулло, ҳали она сути оғзидан кетмай туриб сигарет чекишни ўрганди, ароқ ичди. Ҳар нарсанинг ортиғига интилиб яшагани учунми, сигарет ва ароқ билан кифояланиб қолмади. Кўп ўтмай гиёҳвандликка берилди. “Окахон”лари аввалига Шукруллони наркотик билан меҳмон қилиб, текинга “сийлаб” туришди. Шукрулло обдон ўрганиб олгач эса ундан пул талаб қила бошлашди. Аввалига у ота-онасидан пул сўраб оғу сотиб оладиган бўлди. Ўғилларидан пулни аямайдиган ота-она аввалига ҳеч нарсани сезишмади. Бу орада уйларидаги бир нечта қимматбаҳо буюм ғойиб бўлди. Ота-онаси Шукруллони билдирмай кузатиб, гиёҳвандликка ўрганганини сезиб қолдилар. Абдулла пешонасини чангаллади, Фарида йиғлаб-сиқтади. Кейин ўзларини босиб олиб, Шукруллони даволатишга қарор қилишди. Аммо улар қанчалик уринишса ҳам, иродаси бўш ўғил оғудан воз кечолмади. Ҳатто кескинроқ чоралар ўйлаб, Шукруллони уй ичида темир қафасда сақлаб кўришди. Бироқ бу фойда бермади. Нафақага чиққан Абдулланинг юраги эса ўғлининг қилиқларига дош беролмай қолган эди. Иккинчи марта юрак хуружини бошдан ўтказган Абдулланинг ўлим тўшагидаги охирги сўзлари “Худодан фарзанд сўрабман-у, ақл сўрамаган эканман!” деган аччиқ нола бўлди. Абдулланинг вафотидан сўнг табиийки, Ҳалиманинг бир ўзи гиёҳванд ўғилга эгалик қилолмади. Шукрулло уйдаги барча буюмларни, ҳатто машинани ҳам сотиб юборди. Уйларида ҳеч вақо қолмади, онасининг никоҳ узугигача пуллади.
Бир куни у сотишга арзигулик нарса тополмай, онасига ўдағайлай бошлади:
– Ойи, тилла занжирингиз, узукларингиз қани? Уларни қаерга яширгансиз?
– Қарзларингни тўладим. Уйда ҳеч нарса қолмади. Кеч бўлмасидан ақлингни йиғиб ол, болам. Мени ҳам гўрга тиқмоқчимисан? Яқин орада мен ҳам ўлсам керак, мазам йўқ.
– Эй, йиғини бас қилинг! Менга пул керак, пул!
Оғу хумори тутган Шукрулло қалтирай бошлади. Сўнг важоҳат билан онасининг ётоқхонасига кирди ва онаси қулфлаб қўядиган сандиқни очишга урина бошлади. Онаси унга тинимсиз ёлворар эди:
– Қўй, болам. Шу сандиққа тегмагин, мен унда кафанлигимни сақлаяпман.
– Ёлғон! Сиз бунинг ичида мендан яширган пулларингизни сақлайсиз. Калитни беринг менга!
У сандиқ қулфини бир неча маротаба тортиб кўрди. Очолмагач, хонадан чиқиб, қўлида оғир темир парчаси билан қайтиб кирди. Қулфни синдириб сандиқни очди ва ичидаги матоларни хона ичига ёйиб ташлади. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб топгани оқ матога ўралган пул бўлди. Шукруллонинг кўзлари ёнди, унинг қўлига ёпишиб, пулларни олмоқчи бўлган онасини шафқатсизларча итариб юборди. Ҳалима опа ёмон йиқилди, ётган жойида йиғлаб, нола қилди...
Шукруллонинг қулоқларига гап кирмас, ҳозир унинг фикру хаёли фақат хуморини қондиришда эди. Ҳалима опа кечга қадар йиғлаб, ўрнидан туролмай ётди. Ўша тун онаизор бир қарорга келди. Эртаси куни эрталаб қўлида бир варақ қоғоз билан уйдан чиқди...
* * *
Шукрулло қамоқда ётган вақтида онаси уни кўриш учун бир марта ҳам келмади. Уч ойдан сўнг у онасининг вафоти ҳақидаги хабарни эшитди. Буни унга тоғаси айтиб кетди.
Олти йил қамоқда ётган Шукрулло муддатидан аввал озодликка чиқди. Уни ташқарида тоғаси кутиб олди. Ўз уйига келган Шукрулло, тоғаси овқат пишириб, уйларни тартибга келтириб қўйганлигини кўрди. Овқатланиб бўлишгач, тоғаси унга:
– Хўш, энди сен билан эркакчасига гаплашиб олсак. Опамни адойи тамом қилиб, бошига етдинг. Дадангнинг ўлимига ҳам ўзинг сабабчи бўлдинг. Қамоқда ақлинг кирдими ёки яна давом этасанми? Агар опам васият қилиб кетмаганида, ёнингга яқин йўламасдим, – деди заҳарханда оҳангда.
– Тоға, пушаймонман!..
Тоғаси кетар маҳали Шукруллонинг қўлига қандайдир қоғозларни тутқазди. Жияни ҳайрон қараб турарди. Шунда тоғаси қоғозлар орасидан бир мактубни олиб Шукруллога берди:
– Онадан хафа бўлмайдилар. Сен қамалганингдан сўнг онанг умуман овқат емай қўйди. Сени соғиниб ўтди, уч ой яшади, холос. Билсанг, бу мактуб опамнинг сенга қолдирган васияти...
Шукрулло ҳаяжондан титраётган қўллари билан мактубни очди ва ўқий бошлади: “Ўғлим, уйга соғ-омон қайтганинг учун Аллоҳимга ҳамдлар бўлсин. Биламан, мендан хафасан, қамоқда ўтказган йилларинг давомида онангдан нафратлангансан, балки ҳозир ҳам нафратланарсан. Менинг бу қарорга келишим осон бўлмади. Сени на отанг, на мен тўғри йўлга сола билдик. Балки қамоқ сенга дарс бўлар, онангни ёмон кўриш эвазига бўлса-да хато йўлдан қайтарсан, деган умидда шу ишга қўл урдим. Онангга шундан бўлак чора қолдирмадинг. Бу хатни ўқиётганингда мен ёнингда бўлмайман. Ўғлим, сенинг шу аҳволга тушишингга аввало даданг иккимиз сабабчимиз. Сени болалигингдан тўғри тарбия қила олмадик. Еганинг олдингда, емаганинг орқангда бўлди. Афсуски, ҳаммадан бахтли бўлсин, тенгқурлари ичида ажралиб турсин, дея сени бахтсиз қилиб қўйибмиз. Сен ёмон йўлга кириб, гиёҳванд бўлиб, ўғирлик қила бошлаганингдан сўнг даданг иккимиз номингга омонат дафтарчаси очтирдик. Яна бир машинамиз ва тилла тақинчоқларимнинг пулини, даданг иккимизнинг йиғилиб турган нафақаларимизни омонатга қўйдик. Қамалган пайтингда бу пулларга тўртта машина олса бўлар эди. Қамоқдан чиқиб келгунингча ундан-да кўпайиб қолса керак. Уйимизни ҳам сенга васият қилиб қолдирдим. Банк ҳужжатлари ва бошқа керакли ҳужжатларни тоғангдан оласан. Илтимос, ўғлим, буёғига тўғри яша, ҳаётингни изга сол. Ишга кир ва оила қур. Аллоҳим умрингни зиёда қилсин ва ҳамиша Ўз паноҳида сақласин. Онанг!”
Шукруллонинг чексиз изтироб ва пушаймондан қалтираган бармоқлари хатни тушириб юборди, ўзи эса унсиз йиғларди. Деворга илинган расмдан ота-онаси унга меҳрибонлик билан, жилмайиб қараб туришарди...