Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

ВАТАНПАРВАР

 Болаларда Ватанга муҳаббат уйғотишнинг

энг яхши воситаси оталарнинг

Ватанни севишларидир.

                               Монтескьё

Бугун мен учун унутилмас кун. Негаки янги иш бошлаган мактабимда илк дарсимни ўтаман. Аъло кайфият ва бир олам ўй-хаёллар билан кўчада турганимда ёнимга “Спарк” автомашинаси келиб тўхтади. Манзилимиз бир экан, машинанинг олд ўриндиғига ўтирган ҳам эдимки, орқа ўриндиқдан “Ассалому алайкум” деган овоз эшитилди. Саломга алик олиб, орқамга ўгирилсам, ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги бола экан. Йўлда кета туриб, машина ойнасига ўрнатилган давлат байроғи эътиборимни тортди.

– Ватанпавар экансиз-да,-дедим баёроққа ишора қилиб.

–     Ҳа, албатта, – деди ҳайдовчи мақтовимдан ҳу­зур­ланиб.

Кейин ватанпарвалик, юртга содиқлик тўғрисида бир нималарни тўхтовсиз гапираркан, чорраҳада қизил чироқ ёниб турган бўлса-да, ғизиллаганча ўтиб кетди.

Пиёдалар ўтиш жойига яқинлашганимизда бир кекса онахон қўлида катта сумка билан йўлни кесиб ўтолмай турган экан.

Ҳайдовчи унга йўл бериб машинани тўхтатади, деб ўйлаган эдим. Лекин ундай бўлмади. Тўхтамасдан ўтиб кетди. Шу маҳал орқада ўтирган боланинг овози эшитилди:

–     Ака, машинани тўхтатиб юборинг.

Ҳайдовчи “Нима гап, тинчликми? Ҳали манзилимизга бор-ку!” деганича, машинани йўл четида тўхтатди. Бола эса машинадан тушиб, орқага қараб югурди. Пиёдалар ўтиш жойида турган онахоннинг сумкасини кўтариб, унга ёрдам берди. Йўл бермасдан келаётган машиналарни тўхтатди. Тўғриси, таъсирланиб кетдим. Болага меҳрим ортди.

– Баракалла, отангга раҳмат! – дедим у қайтиб келиб машинага ўтирганидан сўнг.

– Шунақа ниятинг бор экан, папкангни олиб кетмайсанми, вақтимни оляпсан, – деди ҳайдовчи тўнғиллаб.

Унинг бу гапига чидаб туролмадим:

– Ука, машинасига давлат байроғини илиб олган билан одам ватанпарвар бўлиб қолмайди. Шунга яраша йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилсангиз ажойиб иш бўларди, – дедим, – боя қизил чироқдан ўтиб кетдингиз, ахир ватанпарварликка мамлакатимиз қонунларга риоя қилиш, бошқаларни ҳаётини ўйин билмаслик ҳам киради.

– Аризимаган ҳаракатим учун пашшадан фил ясаманг, ака. Байроқ тагида ўтириб, қонун бузаётган “каттакон”лар қанча?

– Ҳар ким ўзи учун жавоб бериши керак. Сиз у қонунни бузяпти, бу порахўр, дея ўзингиз ҳам қонунни бузиб турсангиз, қачон адолат бўлади? Ватанпарвалик қаерда қолади?

– Ҳе, ака, қўйинг фалсафа сўқиманг...

Ўттиз ёшлардаги бу ҳайдовчи билан гап талашиш бефойда эди. Мактаб етганимда орқа ўриндиқдаги бола ҳам машинадан тушди.

– Шу мактабда ўқийсанми, жиян?

– Ҳа, еттинчи синфда ўқийман.

– Ие, шу синфда биринчи дарсимни ўтаман. Исминг нима?

– Азамат.

Директор ўринбосари билан синфга кирган заҳоти Азаматни изладим. У иккинчи қатордаги биринчи партада ўтирган экан. Директор ўринбосари мени тарих ўқитувчиси деб таништирди. Бироздан кейин дарсни бошладим.

Ўқувчилар дафтарига мавзуни ёзишди. Бироқ Азаматнинг олдида дафтар йўқлигини кўриб сабабини сўрадим.

–  Танаффусда сотиб оламан, устоз, – деди ерга қараб.

– Унинг дафтари ҳам бор устоз, – деди синф етакчиси. – Кеча синф раҳбаримиз ҳаммамиз учун бир хил дафтар олиб келганди. Унинг пулини бугун йиғиб беришимиз керак. Азаматга дафтарни берсам олмади. Нимага олмайсан десам, дафтар муқовасида байроқни расми бор экан, – деди.

Азаматга юзландим:

– Эрталаб яхши бола кўрингандинг. Нега мавзуни ёзмайсан, дафтар муқовасида байроқнинг расми бўлса, нима қилибди. Қара, чиройли турибди. Ёки пулинг йўқми?

– Йўқ, устоз, пулим бор. Бироқ ўзим бошқа дафтар оламан.

– Нимага?

– Устоз, чунки дафтаримиз тўлганидан сўнг керак бўлмай қолади. Аксарият ҳолларда, у чиқиндига ташланади ёки бошқа нарсаларга ишлатиб юборамиз. Мен давлатимиз рамзи туширилган байроқнинг бундай ҳолда қолмаслигини истайман. Шу сабабли ҳам дафтарни олишни истамадим...

Синфга жимлик чўкди. Азамат ўз зеҳни билан ҳаммамизни лол қолдирганди.

Text to speech