СУИҚАСД
Кимки адовату хусуматни экса, албатта у
ташвишу машаққатни ўради.
Маҳмуд Замахшарий
Гулжамолнинг биринчи турмуши омадли бўлмади, эридан ажрашиб тўрт яшар ўғли Анваржон билан қизлик уйига қайтиб келди. Аксига олиб, ота уйида акасининг тергашлари ва онасининг насиҳатлари унга оғир бота бошлади. Бахтсиз жувон нима қилишини билмас, ҳаёт кўзига қоронғу кўринар, атрофидаги ҳамманинг унга бир хусумати бордек эди, гўё. Эрининг уйлангани ҳақидаги хабарни эшитгани дард устига чипқон бўлиб, Гулжамол ўз хонасидан деярли чиқмай қўйди. Аламини ўғлидан олар, уни сал нарсага чимчилар ё тарсакилар, гоҳида биғиллатиб уриб қоларди. Бола онасининг калтаги остида ногирон бўлишидан қўрққан бувиси неварасини ёнида олиб ётадиган бўлди.
Шундай аламли кунларнинг бири эди. Собиқ синфдоши Воситбекнинг кутилмаган таклифи Гулжамолни ўйлантириб қўйди. Қалбида “Балки бахт қасрини қайтадан қуриш керакдир”, деган умид учқуни пайдо бўлди. Воситбек уни учрашувга таклиф қилган эди. Ўғлини онасига қолдириб, ўзи учрашувга кетди. Онаси ҳам бу гапдан хабардор, биринчи турмушидан оғзи куйган Гулжамолга эътироз билдирмай, танловни қизининг ихтиёрига ҳавола этиб қўя қолди.
Аёл йўл бўйи таклиф эгаси ҳақида ўйлади. Воситбек мактабни тугатиш арафасида Гулжамолга севги изҳор қилган, унга уйланиш ниятида эканлигини айтган эди. Бироқ ўша кезлари “оқ отли шаҳзода” сини кутиб юрган Гулжамол йигитнинг таклифини рад қилганди. “Сен менинг дидимга тўғри келмайсан” деган сўзлар билан йигитни хафа қилмади, шунчаки кўнгли бошқада эканлигини айтди. Тақдир экан, қувнаб-қувнаб кутиб олган бахти мўрт шишадай парча-парча бўлди. Воситбекнинг турмуши ҳам омадсиз бўлибди. Унинг ногирон фарзанди борлигини, аёли саратоннинг оғир турига чалиниб, тўшакка михланган кезларда ҳам уни ёлғизлатмай доим ёнида бўлганини, аёлининг кўнгли учун тўй-маъракаларга ҳам бормаганини, эрталаб ва оқшом пайти иккита ногиронлар аравачасида хотини ва фарзандини айлантириб юришини синфдош дўстларидан эшитганди. Воситбекнинг рафиқаси оламдан ўтганини ҳам эшитган, лекин кўнгил сўраб боришга тортинган эди.
– Оиласига шунчалик меҳрибон бўлган одамдан ёмонлик чиқмаса керак. Ахир “фарзанд кўрмадинг”, “ўғил туғмадинг” деб хотинига таъна қиладиган, арзимас баҳоналарни рўкач қилиб хотини билан ажрашган эркаклар қанча. Ўзининг тақдири ҳам бунга мисол-ку. Гулжамол собиқ эрини Воситбек билан таққослар экан, эри нақадар аблаҳлигига ишонч ҳосил қилди. Шу ўйлар оғушида Воситбек билан учрашди. Иккиси узоқ суҳбат қуришди.
– Нега менга уйланмоқчисиз? Эркаклардан кўнглим қолган! Яна бир марта хато қилишни истамайман.
Воситбек Гулжамолнинг сўзларини вазминлик билан тинглаб, шундай жавоб қайтарди:
– Мен сени алдамоқчи эмасман. Ёлғон билан бошланган турмуш ҳеч қачон бахт олиб келмайди. Ўзингга маълум, мен аввалдан сени севганман. Севгимни рад этганингдан кейин бошқаси билан оила қурдим. Фариштадай аёлим бор эди, бироқ ундан эрта айрилдим. Саккиз яшар ногирон қизим бор. Ўзи мустақил ҳаракат қилолмайди, гапиролмайди. Тўшакка михланган. Кундузи мен ишда бўламан, унга эса она меҳри керак. Онамнинг вафотига қадар бундай муаммо йўқ эди. Энди...
Воситбек оғир тин олди, кўзларидан ёш думалади. Аёл кишининг олдида кўз ёш тўкканидан уялиб, нигоҳларини олиб қочди.
– Менинг ҳам бир ўғлим бор. Тўрт ёшда... – деди Гулжамол тутилиб.
– Агар турмуш қурсак, “сеники, меники» деган сўзлар бўлмайди. Ваъда бераман, сенинг ўғлинг ва менинг қизим иккимизнинг фарзандимиз бўлади...
Воситбекнинг таклифи Гулжамолга маъқул келди. Ихчамгина тўй қилдилар. Кичкинагина, аҳилгина оиланинг соҳибасига айланган Гулжамол ўзини бахтли ҳис қилар, “ниҳоят, ҳаётим ўзгарди”, деган қувончдан боши осмонга етарди. У маҳзун хотираларини унутган эди.
Синфдошларнинг навбатдаги учрашувига иккала фарзандларини ҳам олиб боришди. Фақат ногирон Хосиятни бошқа хона ётқизиб қўйдилар. Қолганлар меҳмонлар учун тузалган дастурхон атрофида жамулжам эди. Воситбек тез-тез Хосият ётган хонага бориб, қизидан хабар оларди.
– Воситбек биринчи хотинидан бўлган боласига бунча меҳрибон. Бу ногирон қизни қолдириб келсанглар, бўлмасмиди?! – деди синфдоши Асал Гулжамолнинг қулоғига пичирлаб.
– Қўйсанг-чи, биз фарзандларимизни ажратмаймиз, – деди Гулжамол дастурхондан шоколад олаётган ўғлига қараб туриб. Бироқ ичида нимадир узилгандай бўлди.
Ўша кундан Хосият Гулжамолнинг кўзига ортиқча юк бўлиб кўрина бошлади. У ногирон қизалоқни бахтини кемириб турган каламушга ўхшатарди. Авваллари Хосиятни ўз боласидай парвариш қилган, меҳр билан овқатлантириб чўмилтирган, сочларини қувона-қувона турмаклаган бўлса, энди бу юмушларни мажбурият билан бажарар, ҳаракатларида нафрат аломатлари сезила бошлаган эди.
Бир сафар дастурхон устида Воситбекка:
– Балки Хосиятни ногиронлар уйида даволатармиз, – деди.
Эри шундай ёвқараш қилдики, Гулжамол қўрқиб кетди. Воситбек овқат ейиш учун ушлаган қошиғини жаҳл билан столга ташлади. Сўнг эшикни қарсиллатиб ёпганича ётоқхонага кириб кетди. Гулжамол ўзига тегишли жавобни олиб бўлганди.
Эртаси куни Воситбекнинг ўзи секин гап бошлади:
– Ҳайронман, Гулжамол, олдинлари Хосиятга меҳринг бошқача эди. Доим уст-бошини озода қилиб қўярдинг. Энди эса...
– Менинг кечиринг. Нотўғри гапириб, сизни хафа қилиб қўйдим, – деди Гулжамол вазиятни юмшатиш учун.
– Умид қиламанки, бу ҳақда бошқа гаплашмаймиз. Ўртамизда парда бўлмаслиги керак. Агар парда пайдо бўлса, шубҳа гумонлар туғилади. Гумон ва ишончсизликнинг куртак отиши эса оилани пароканда қилади. Бахтли яшаймиз десак, бир-биримизга вафодор, меҳрли бўлишимиз керак.
Шундан кейин Гулжамол Воситбекка Хосият тўғрисида бошқа гапирмади. Бироқ юрагидаги адоват олови гуриллаб ёнаётганди. Шифокорлар Гулжамол бошқа фарзанд кўрмаслигини айтганларидан кейин унинг қалбидаги нафрат олови устига мой сепилгандек бўлди. Воситбек Гулжамолни юпатди. “Хафа бўлма, ахир бир эмас, икки фарзандимиз бор-ку”, деди. Гарчи Гулжамол эрига эътироз билдирмаса-да, ич-ичида бу хосиятсизликни шўрлик ногирон қизга тўнкайверди.
Унинг Хосиятга бўлган адовати шу даражада кучайдики, бора-бора қизнинг жонига қасд қилиш ҳақида ўйлайдиган бўлди.
Воситбекнинг ишдалиги ва уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган Гулжамол, Хосиятни йўқ қилишнинг турли йўлларини излай бошлади. Режалар тузди ва хаёлида уларни амалга ошириб кўрди.
Бир куни Хосият ухлаб ётганида, уни икки қўллаб бўғди. Қўрқиб уйғонган Хосият унга ожизгина қаршилик кўрсатарди. Кўзлари Хосиятнинг кўзлари билан тўқнашган Гулжамол: “Ахир, бўйнида бармоқларимнинг изи қолади-ку!” деган хавотир билан қўлларини тортиб олди. Сўнг қўрқувга тўла кўзлари билан унга тикилиб ётган ўгай қизига қараб оғир тин олди ва хонадан чиқиб кетди.
Воситбек ҳеч нарсани сезмади, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолди. Лекин Гулжамолнинг режаси охирига етмаган эди. Бир неча кун ўтгач у Хосиятнинг хонасига яна мудҳиш ният билан кирди – қўлидаги оғир ёстиқни Хосиятнинг юзига босди...
Хонада у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган Гулжамол нима қилиб қўйганини англаш ва Хосиятнинг ўлганига ишонч ҳосил қилиш учун яна унга яқинлашди. Энгашиб қизчанинг юзига қараб турди. Кутилмаганда Хосият чуқур хўрсинди. Гулжамол чўчиб ортига тисарилди. Хосият тирик эди. Ногирон қиз ўлмай қолганидан аёлнинг ғазаби қайнади:
– Намунча жони қаттиқ бўлмаса бу чалажоннинг!
Бир куни Воситбек боғдаги дарахтларни зараркунандаларга қарши дорилаш учун “Каратэ” деган заҳарли воситани олиб келди. Эри боғдаги мевали дарахтларни дорилаётган вақтида, Гулжамол Хосиятни йўқ қилишнинг қулай пайти келгани ҳақида ўйлади. У эри олиб келган заҳарли дори шишасини ушлаб Хосиятнинг ёнига борди. Деразадан қараб, Воситбек иш билан бандлигига ишонч ҳосил қилгач, қизга шишадаги суюқликдан ичира бошлади. Сўнг дарров шишани артди ва мато билан ушлаб ўғли Анварга узатди.
Ўзи шоша-пиша банкада совиб турган чойни олиб, Воситбекни ёнига борди. Деворнинг нариги томонида қўшниларнинг овози эшитилаётганди. Гулжамол:
– Анвар ўғлим, опангга сув бер. Чанқаган бўлса керак, – деди атай қўшниларга эшиттириб.
Гулжамол ўзини хотиржам тутишга уринди. У индамасдан эрига совуқ чой қуйиб узатди. Аёл шу онда фақат бир нарсани ўйларди. Агар Хосиятга заҳарли дори ичирилганини сезиб қолишса, ўғли Анвар сув бераман деб билмасдан ичириб қўйган бўлади. Билишмаса-ку, нур устига нур...
Касалхонада оғир аҳволдаги Хосиятни текширган шифокор, қизалоқ заҳарланганини, заҳарнинг турини аниқлаш кераклигини айтди.
– Бўлиши мумкин эмас. Ахир, ўзи мустақил ҳаракат қилолмайди. Қанақасига заҳар ичади? – деди Воситбек даҳшат ичида.
– Ўйлаб кўринг-чи, кимдир заҳар ичирган бўлиши мумкинми?
Воситбек икки кўзи саволга тўлиб, Гулжамолга қаради.
Шу пайт касалхона йўлагида Гулжамолнинг акаси Раҳимжон пайдо бўлди. У ёлғиз эмас, қонга беланган Анваржонни кўтариб олган эди. Гулжамол тоғасининг қўлида ҳушсиз ётган ўғлини кўриб қотиб қолди. Ахир, қараб туришлари учун Анваржонни акасининг уйида қолдирган эди-ку. Болани зудлик билан операция хонасига олиб кетишди.
Тиззаларига, бошига уриб йиғлаётган Раҳимжон, Гулжамол ва Воситбекка айбдорларча қараб, тинмай синглисидан кечирим сўрарди:
– Кечир мени, Гулжамол. Ойимга бораман, деб кўчага югуриб чиқди, ушлашга улгурмай қолдим. Машина уриб юборди.
Шифокорлар икки мурғакни асраб қолиш учун кўп курашишди. Хосият анча машаққатлардан кейин тузалиб уйига қайтди, лекин Анварбек вафот этди...