Терговчининг кундалигидан. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг қуйи бўлинмаларида фахрли ходимларнинг жиноят ишларини тергов қилиш тарихи.
25 йилдан ортиқ вақт мобайнида Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов идораларида турли лавозимларда ишлаган ва ҳозирги кунда Урганч шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимининг суриштирувчиси лавозимида хизмат қилаётган подполковник Сафоев Алишер Озодовичнинг хотираларидан:
... 1998 йил ҳали Урганч шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчилик даврида, йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноят ишини тергов қилган. Навбатчилик қисмига тушган хабарга кўра, “Саноатчилик” кўчасида ҳаракатланиб кетаётган “Камаз” юк автомашина ҳайдовчиси йўлнинг чеккасида эркак кишининг танаси тан жароҳатлари билан ётганини кўриб, уни шифохонага олиб борганлигини ва тиббий ёрдам кўрсатилганлигини маълум қилган.
Тергов жараёнида аниқланишича, жабрланувчини номаълум автомашина уриб кетган ва бу автомашина русумини аниқлаш бир мунча қийинчиликлар туғдирган. Ўша вақтда ёш бўлган терговчи, вазиятни қўлга олиб, бир неча ўнлаб автомобилларни кўздан кечирган лекин ушбу жиноятни фош қиладиган бирон-бир далил ёки йўналтирувчи маълумот аниқлай олмаган. Жабрланувчининг ўзи эса хушсиз, кўрсатма бера олмаган. Лекин ёш терговчининг ўзига бўлган ички ишончи жабрланувчини кўриб қолган ҳайдовчига эътиборни қаратди. Шундай қилиб, юк машинасини соатлаб ва майда деталларигача бирма-бир кўздан кечириш натижасида, Алишер Сафоев юк машинанинг ташқи бортида соч намуналари борлигини аниқлади ва уларни олиб жабрланувчининг соч намуналари билан бирга экспертлар ихтиёрига тақдим қилди. Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, ёш терговчининг тусмоли ўз тасдиғини топди, яъни юк машинасидан олинган соч намунаси билан жабрланувчининг соч намунаси айнан бир хил бўлиб чиқди. Ҳолат бундай тус олганидан сўнг ҳайдовчи ўз айбига иқрор бўлиб ҳақиқатдан ҳам пиёдани уриб юборганлигини ва қўрқиб кетганидан йўл-транспорт ҳодисасини гўёки бошқа бирон бир ҳайдовчи содир қилиб ҳодиса жойидан қочиб кетган сифатида сценарий тузганлигини маълум қилган.
Бу жуда ҳам қийин бўлган, у вақтларда кузатув камералари ёки видео қайд қилиш мосламалари, ҳаттоки замонавий компютерлар ҳам бўлмаган, лекин амалий иш тажрибам ва касбий маҳоратим ҳамда тинимсиз меҳнат, ортга чекинмаслик бу ишни охирига етказишда менга катта ёрдам берди” .... эслайди Алишер Сафоев.
Шундай қилиб, ёш Алишер Сафоевни тинимсиз меҳнатлари ушбу жиноятни фош этишга имкон берди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.