Сохта “Мустақил Мардикорлар ташкилоти” раҳбари эндиликда қонун олдида жавоб беради
Тошкент шаҳри. 2011 йилда 59 ёшли Х.Б., Н.Д., Ф.Т. ва бошқа шахслар жиноий режага асосан, Республикамизда фуқароларга ўзини гўёки “Мустақил Мардикорлар ташкилоти” раиси ва аъзоси деб таништириб, Қозоғистон Республикасида 650-1000 АҚШ доллари миқдорида маош бериш шарти билан қурилиш ишини таклиф қилиб, уларни озиқ-овқат ҳамда турар жой билан таъминлашликни ваъда қилиб, алданган шахсларни фуқаролик паспортларини олиб қўйиб, Қозоғистон Республикаси Шимкент шаҳридаги қурилиш объектларида мажбуран, эркига қарши, хизматига ҳақ тўламаган ҳолда ишлатиб, уларни эксплуатация қилиб келганликлари аниқланган. Бундан ташқари, 2013 йилнинг октябрь ойининг ўрталарига қадар уюшган гуруҳнинг бошқа номаълум аъзолари томонидан муттасил равишда мажбуран ишлатиб, ваъда қилинган ойлик маошини тўламасдан, уларнинг меҳнатидан фойдаланишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2014 йилда уюшган гуруҳнинг аъзолари Н.Д. ва Ф.Т.,ларга нисбатан ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “г” банди билан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, суднинг ҳукмига кўра, Н.Д.га 9 йил, Ф.Т.га эса 10 йил 8 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган.
Бироқ, Х.Б., ва бошқа шахслар терговдан яширинганлиги учун жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилиб, уларга нисбатан ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “г” банди билан сиртдан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланиб, қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасига кўра, Х.Б., Қозоғистон Республикасида эканлиги аниқланиб, Қозоғистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ушланган ҳамда 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниб, ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сонли тергов хибсхонасига жойлаштирилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тўлиқ олиб борилиб, Х.Б.,га нисбатан ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “г” банди билан айблов эълон қилиниб, танланган эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган ҳамда жиноят иши материаллари тегишли тартибда суд идорасига юборилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти