Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида истиқомат қилувчи йигитнинг кўзидан ажралиб қолганлиги ҳолати юзасидан РАСМИЙ МАЪЛУМОТ

2020 йилнинг 06 март куни Китоб туманида яшовчи фуқаро (аёл) ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 2 март куни қариндоши 25 ёшли Дадахон Х., спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолда бўла туриб, унинг ўғли 17 ёшли Шаҳзод У.,нинг чап кўзига қўли  ҳамда пичоқ билан кўкрак соҳасига урганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Шаҳзод У., шу куни соат тахминан 08:30 да уйининг кириш дарвозаси тақиллаганлиги сабабли, дарвозани очмоқчи бўлганида, Дадахон Х., дарвозани қаттиқ очиб юборгани туфайли дарвоза тутқичи чап кўз соҳасига тегиб жароҳатлаганлиги учун ерга йиқилгач қўлида бўлган ошхона пичоғи кўкрак соҳаси олд қисмини кесганлигини маълум қилган. Ушбу ҳолатни Дадахон Х., ҳам тасдиқлаган.

Суд тиббий экспертиза хулосасида, Шаҳзод У., “оғир” тан жароҳати олганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Дадахон Х., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 111-моддаси                    2-қисми (Эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноят иши томонларнинг ярашганлиги муносабати билан Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган ва бу ҳақда ажрим чиқарилган.

Бироқ, жабрланувчининг онаси суд ажримидан норози бўлиб, Дадахон Х., фарзандини  даволатиш учун етарли пул маблағини бермаганлиги сабабли, ишни ярашув тартибида тугатиш ҳақидаги ажримни бекор қилишни сўраб жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди томонидан жиноят ишини кассация тартибида кўриб чиқилишини сўраган. Суднинг ажримига кўра, аввалги ажрим бекор қилиниб, жиноят иши вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига қўшимча тергов ҳаракатларини олиб бориш учун юборилган.

Тергов бошқармаси томонидан ўтказилган тергов ҳаракатларида қуйидагилар аниқланган:

2020 йил 02 март куни соат 20:30да Шаҳзод У., нинг чап кўз соҳасидаги олган “оғир” тан жароҳати хонадонга кириш дарвозаси тегиши оқибатида етказилмаганлиги, балки Дадахон Х., қўлининг мушти билан Шаҳзод У., нинг чап кўз соҳасига бир неча маротаба уриши оқибатида етказилганлиги, шунингдек жанжал вақтида Шаҳзод У., нинг қўлидаги ошхона пичоғини олиб қўйиш жараёнида унинг кўкрак соҳасига пичоқнинг тегиб кетиши оқибатида Шахзод У., га ҳаёт учун хавфли бўлмаган «енгил» тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.

Жорий йилнинг 08 февраль куни Дадахон Х.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “в” банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

2021 йил 20 февраль куни жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “в” бандидан 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) га қайта малакаланган.

2021 йил 20 февраль куни тергов тамомланиб, айбланувчи ва унинг ҳимоячисига тергов тамомланганлиги эълон қилиниб жиноят иши ҳужжатлари билан таништирилган.

2021 йил 22 февраль куни жиноят иши тегишли тартибда мазмунан кўриб чиқишлик учун прокуратурага юборилган.   


Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти
 

Text to speech