Уйга кириб 15 ёшли болага нисбатан босқинчилик содир этган шахс ушланди
Андижон. 2020 йилнинг 04 ноябрь куни соат 18:45 да 2 нафар номаълум шахслар ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида олдиндан тил бириктириб, Избоскан тумани Шинам кўчасидаги уйларнинг бирига ғайриқонуний равишда кириб, вояга етмаган 15 ёшли Н.А.,га ҳужум қилиб, ёғоч бўлаги билан унинг бошига уриб, қўл-оёқларини мато билан боғлаб, ётоқхонада бўлган сандиқ ичидан 10 млн. сўм пулларни талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида 4 дона қўл бармоқ излари олиниб, судга оид дактилоскопик экспертиза ҳамда вояга етмаган Н.А.,ни олган тан жароҳатини оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида, суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур жиноятни 22 ёшли И.Ғ., ўзининг тергов жараёнида шахсини аниқлашни имкони бўлмаган номаълум шериги билан содир этганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан И.Ғ.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (такроран, хавфли рецидивист томонидан содир этилган босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича И.Ғ.,нинг жиноий шеригини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти