Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

8 март куни қиз боладан пул талаб қилган шахс ушланди

Андижон вилояти. 2022 йил 05 март куни 16 ёшли Ғ.Г. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзига тегишли бўлган “SIM” картасини йўқотиб қўйганлигини, уни топиш мақсадида ўзининг телефон рақамига қўнғироқ қилганида нотаниш шахс кўтариб, ҳақиқатдан ҳам “SIM” карта ҳозир ўзида эканлиги ва ушбу рақамга уланган “Telegram” мессенжерини очиб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни юклаб олганлигини билдириб, маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслиги учун 400 минг сўм пулларни талаб қилиб келганлигини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан жорий йилнинг 8 март куни туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда товламачилик йўли билан Ғ.Г.дан талаб қилаётган 400 минг сўм пуллардан 200 минг сўм пулларни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, у Қўрғонтепа тумани Кўкбулоқ кўчасида яшовчи 25 ёшли Қ.А. эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича Қўрғонтепа туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Қ.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодекси нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech