“Адиблар хиёбони”да талончилик содир этган шахслар ИИО ходимлари томонидан ҳодиса жойида ушландилар
Тошкент шаҳри. 2021 йилнинг 16 май куни тунги соат 22:00ларда бир нечта номаълум шахслар Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган “Адиблар хиёбони”даги ўриндиқда ўтирган фуқаролар 19 ёшли А.Омадбек ва Р.Мафтуналарнинг ёнига келиб, А.Омадбекнинг фаол қаршилик қилишига қарамай, унинг чўнтагидаги ҳамёнини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан қочаётганларида ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганлар.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 20 ёшли И.Дониёр, 22 ёшли Р.Азамат, 19 ёшли О.Муҳаммадбобур ва 16 ёшли Х.Шаҳзодалар содир қилганлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари жараёнида, ушбу гумон қилинувчи шахслар 2021 йилнинг 16 май куни соат 12:00 ларда мазкур “Адиблар хиёбони”да бўлган фуқаро 22 ёшли Т.Шаҳзод таниши 16 ёшли А.Маҳлиёхонларнинг ёнига келиб, уларга тегишли 2.500.000 сўмлик “Samsung A-51” ва нархи 2.000.000 сўмлик “Samsung-02S” русумли телефон аппаратларини очиқдан-очиқ талон-торож қилганликлари аниқланиб, жабрланувчилар томонидан таниб олинганлар.
Жиноят иши доирасида И.Дониёр, Р.Азамат, О.Муҳаммадбобур ва Х.Шаҳзодаларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари аниқланиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти